Жиззахда директор билан тил бириктирган тезкор вакил ушланди
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг (ИЖҚКД) катта тезкор вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
ИЖҚКД Жиззах вилояти бошқармаси Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили шахсий бойлик орттириш мақсадида, муқаддам судланган таниши (1989 й.т.) билан тил бириктириб, техника таъминоти билан шуғулланувчи МЧЖ иш бошқарувчисининг ишончига киради.
Яъни, мазкур МЧЖ билан Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида 20 дона интерактив досканинг олди-сотди шартномасини электрон дўкон орқали тузилишида ғолибликни қўлга киритиб, доскаларни қиммат нархда ўтказиб беришни ваъда қилишади.
Улар ўзларининг қўштирноқ ичидаги холис хизматлари эвазига МЧЖ иш бошқарувчисидан 85 млн. сўм талаб қилишади.
Аниқланишича, Департаментнинг катта тезкор вакили хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Жиззах шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига асл нархи 15,2 млн сўм бўлган интерактив доскаларни 25 млн сўмдан ўтказиб бермоқчи бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб 1989 й.т. фуқаро 85 млн сўмни олган вақтида ушланди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан 30 млн сўмни Департамент ходими ўзининг яна бир ҳамтовоғи бўлган – мактаб директори билан биргаликда, ўз яшаш хонадони олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ИЖҚКД Пахтакор туман бўлими катта тезкор вакили ва мактаб директорига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
