Шомдан кейин касал кўргани бориш мумкин эмасми?

Шомдан кейин касал кўргани бориш мумкин эмасми?

— Яқинда шом намозидан кейин касал кўргани борган эдим. Беморнинг яқинлари шомдан сўнг касал кўрилмайди, деб мени беморнинг олдига қўйишмади. Яна сут, қатиқ каби оқликларни ҳам шомдан кейин олиб бўлмайди, деган гаплар ҳам бор… Шу тўғрими?

— Беморни зиёрат қилиш, уни кўришга бориш суннати муаккада ҳисобланади, ҳатто Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ вожиб ҳам деганлар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Очни тўйдиринглар, беморни зиёрат қилинглар, асирни озод қилинглар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Касал кўришга бориш айнан бирор вақтга белгилаб қўйилмаган. Одамларнинг вақти ва беморнинг шароитига қараб зиёратга борилаверади.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва кун ботгунича у учун истиғфор айтади. У жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Кун ботганидан кейин касал кўргани борган киши билан ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча унга истиғфор айтади ҳамда у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, кеча-ю кундуз беморларни зиёрат қилиш мумкин. Муҳими, беморга малол келадиган вақтда зиёрат қилмаса бас.

Сут, қатиқ каби оқликларни ҳам шомдан кейин олиб бўлмайди, деган гапларнинг динга умуман алоқаси йўқ. Асоси бўлмаган гаплардир.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!