Сенат қўмитаси адлия вазирининг ахборотини муҳокама қилди

Сенат қўмитаси адлия вазирининг ахборотини муҳокама қилди

Жорий йилнинг 24-май куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича 450 мингга яқин тадбирлар ўтказилган. Шундан телевидение орқали 12 157 та, радиода 18 844 та чиқиш қилинган, 188 300 та семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган, ижтимоий тармоқларда 185 300 дан ортиқ маълумотлар жойлаштирилган, 13 000 дан зиёд таҳлилий маълумот ва мақолалар газета ва журналларда чоп этилган, 516 та қўлланма ва бошқа ёзма материаллар, 22 394 та кўргазмали тарғибот материали тайёрлаб тарқатилган.

Электрон порталга киритилган маълумотларнинг таҳлили эса Фавқулодда вазиятлар, Иқтисодиёт ва молия, Рақамли технологиялар, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари, Фуқаро авиацияси ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентликлари, Сув хўжалиги обектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан ҳуқуқий тарғиботга етарли эътибор қаратилмаганлигини кўрсатиб, уларнинг фаолияти паст баҳоланган.

Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоят адлия бошқармалари томонидан маҳаллий Кенгашларга тақдим этиладиган ахборотларнинг муддати ва сифатига етарли эътибор қаратилмаганлиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида айрим камчиликларга йўл қўйган Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоят адлия бошқармалари раҳбарларининг ҳам ахборотлари эшитилди.

Сенаторлар томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда аввало, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини кучайтириш кераклиги ва улар аҳолига ўрнак бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, муҳокама жараёнида келгусида амалга ошириладиган устувор режалар ҳам белгиланди. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокама сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!