Самарқандда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири 200 доллар пора билан ушланди

Самарқандда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири 200 доллар пора билан ушланди

Самарқанд вилоятининг Нуробод туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири 200 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда “Дарё” хабар берди.

Бўлим мудири пора эвазига фуқарони тумандаги боғчаларнинг бирига хўжалик ишлари бўйича масъул лавозимига тайинлашни ваъда берган.

Манбага кўра, 2024 йилнинг 19 февраль куни ДХХнинг вилоят бошқармасига фуқаро А.П. мурожаат қилиб, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири уни ишга қабул қилиш учун 200 доллар талаб қилаётганини маълум қилган.

Аризада келтирилишича, бўлим мудири шу пулни олгач, фуқарони тумандаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига хўжалик ишлари мудири лавозимига қўйишни ваъда қилган.

Мурожаатга кўра, шу куни соат 18:00 да ДХХнинг вилоят бошқармаси, туман прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Нуробод туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келган аёл 200 доллар пулни олган вақтида ушланган.

Шундан сўнг, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Нуробод туман бўлими бошлиғи томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов олиб бориш учун туман прокуратурасига юборилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!