Россия Федерациясидаги «террорчилар» мақоми қайта кўриб чиқилиши мумкин
Давлат думаси депутатлари 17 декабрдаги йиғилишда ташкилотларни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади.
Ҳужжатга кўра, тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинади. Бунинг учун Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг даъвоси ҳамда ташкилот терроризмни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш фаолиятини тўхтатганлигини тасдиқловчи фактларнинг мавжудлиги асос бўлади.
Қонун лойиҳаси Давлат Думасига ноябрь ойи охирида келган. 10 декабрь куни биринчи ўқишда қабул қилинди.
Россия ҳукумати суд қарорлари билан террорчи деб топилган ташкилотлар реэстрини юритади. Бироқ, бунга қадар ушбу реэстрдан чиқариб ташлаш механизми йўқ эди. Қонун бундай имкониятни биринчи марта яратмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ташаббус Афғонистонда 2021 йилда ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати билан боғлиқ. Президент Владимир Путин ва Россия расмийларининг бошқа вакиллари Толибонни реэстрдан олиб ташлаш имконияти ҳақида бир неча бор гапирган. Путин ҳаракатни терроризмга қарши курашда иттифоқчи деб атади ва Россия делегациялари, жумладан Мудофаа вазири Сергей Шойгу Афғонистонга ташриф буюрди. Айни вақтда Россияга Толибон вакиллари ҳам келган. Бироқ, ташкилот ҳали ҳам террорчилар рўйхатида қолмоқда.
Бундан ташқари, бир кун аввал Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Ҳаят Таҳрир аш-Шам» ташкилоти учун ҳам худди шундай тартибни таклиф қилган эди.
«Коллектив Ғарб Россия ва Суриянинг янги ҳукуматлари ўртасида кескинликни келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқда, аммо биз бундай стсенарийга йўл қўймаймиз», деб ёзди Қодиров ўзининг Телеграм-каналида.