Россия элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, сабаб...

Тожикистонлик талабаларнинг Россия ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан оммавий равишда калтаклангани туфайли, Россия элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида 19 май куни Комсомольский-на-Амуре давлат университетида содир бўлган воқеа Россия элчисининг чақиртирилишига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган. Хабарда айтилишича, 100 дан ортиқ тожикистонлик талаба Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроққа тутилган ва шафқатсиз муносабатда бўлинган.
"Бундай ҳодисалар Тожикистон–Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўғри келмайди ҳамда томонларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига зарар етказиши мумкин", — дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.
Тожикистон томони, шунингдек, Тожикистон Республикаси фуқароларининг Россия ҳудудида турли баҳоналар билан оммавий ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлардан хавотирда эканини таъкидлади.