Қирғизистон ўз ерини Хитойга бериб юборадими?

Қирғизистон ўз ерини Хитойга бериб юборадими?

Шу кунларда Қирғизистонда Хитойдан олган қарзини қайтариш масаласи муҳокамаси яна авж олди. Ижтимоий тармоқларда қўшниларимиз ҳатто бунинг учун ўз заминидан бир қисмини чинликларга бериб юборар экан, деган гаплар тарқалди. Хўш, қирғизларда аҳвол шу даражада тангми? Вазият ҳудудий яхлитлигига путур етказадиган даражага келиб қолдими?

Ушбу мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи бош вазир Садир Жапаров ана шу иштибоҳларга узил-кесил нуқта қўйган кўринади.

«Бир метр ҳам ер Хитойга берилмайди» деди у. Шу орқали Жетим-Тоо участкаси ХХРга қўш қўллаб топширилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Унинг айтишича, қарзни тўлаш йўллари қидирилмоқда.

Ўз навбатида, Жапаров Путин билан телефон орқали навбатдаги суҳбатда  Хитой берган қарзни узиш учун Россиядан ёрдам сўради.

Бундан ташқари, президент-бош вазир омонатдан қутулиш учун аҳолидан маблағ йиғиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлаган.

«Бу халқнинг ташаббуси, таклиф бизнесменлар, бой одамлардан келиб тушди. Ҳа, тўғри, ташқи қарзни бундай усулда тўлашга қаршилар ҳам бор. Лекин ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлаётгани йўқ. Ким хоҳламаётган бўлса, бунга жаҳл қилиш керак эмас», — дея таъкидлаган Жапаров.

У Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегаралар демаркацияси ҳамда делимитацияси масаласини ҳам ҳал этишини қўшимча қилган.

Маълумот учун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбатда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилиши қаторида Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ва Чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгаши ишини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

P/S: Қирғизистондаги тартибсизликлар ва сиёсий инқироз сабабли Россия ушбу мамлакатга молиявий ёрдам беришни вақтинчалик тўхтатганди. Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Артём Новиков ва Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак Москвадаги учрашувда Россия томонидан Қирғизистонга молиявий ёрдам берилишини қайта тиклаш масаласида келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!