Орол тупроғининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва инновацион ечимларга эътибор қаратилди

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро конференциясида мутахассислар томонидан Орол ҳудудидаги вазиятни юмшатиш борасидаги инновацион ечимлар, қум-чанг бўронлари ва тупроқ ҳолатини яхшилашга ҳам эътибор қаратилди.
Халқаро Орол туризми ҳафталиги доирасида ўтказилган конференцияда Иқлим ўзгариши миллий маркази мутахассиси Чарлз Норман иқлим ўзгариши шароитида Оролбўйи ҳудудини минтақавий ривожлантириш бўйича комплекс ёндашувларни тақдим этди. У Орол муаммоси, агар ўз вақтида чора кўрилмаса, яқин келажакда янада салбий оқибатларга сабаб бўлишини, шунинг учун бугунги кунда вазиятни яхшилаш, минтақани инновациялар, барқарорлик ва имкониятлар марказига айлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Галофит боғлари, "Green University" ва кўплаб лойиҳалар Орол денгизи фожиасининг салбий оқибатларини юмшатишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. У Миллий марказнинг иқлимни режалаштириш ва сиёсатига ёндашуви, шунингдек, “Яшил шаҳарлар” лойиҳасининг асосини ташкил этган иқлим инқирози ва Орол денгизи билан боғлиқ умумий муаммоларни айтиб ўтди.
Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Салимжон Бўриев “Оролбўйи минтақасида қум-чанг бўронларининг шаклланиши ва тарқалишини моделлаштириш” мавзусидаги тадқиқот ишини тақдим этди. Моделлаштириш қум-чанг бўронларининг олдини олишда янада самарали чора-тадбирлар кўришга имкон беради.
Кузатув натижаларига кўра, узоқ давомийликка эга қум бўронлари, асосан, баҳор ва ёз фаслида кўтарилади, бундай бўронларнинг энг қисқа давомийлиги йилига 66 фоиз ҳолатда 3 соатга, 21 фоиз ҳолатда 3-6 соат, 11 фоиз ҳолатда эса 6-12 соатни ташкил этиши маълум бўлди.
Конференцияда, шунингдек, Тошкент давлат аграр университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Сайдали Турдиев "Оролбўйи минтақаси шароитида шарқ жийдасининг янги яратилган "Тошкент-16" ва "Самарқанд-7" навларини иқлимлаштириш” мавзусига эътибор қаратди. У шарқ жийдасидан дунёнинг кўплаб давлатларида қадимдан озиқ-овқат ресурси сифатида фойдаланилганига эътибор қаратди.
Мутахассис Қорақалпоғистон ҳудудларида нега айнан жийда экилаётганлигига ойдинлик киритди. Унинг фикрича, жийда илдизларида азотни ўзлаштирувчи микориза ҳосил қилувчи туганак бактериялар мавжуд. Бу эса Оролбўйи минтақаси ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади. Қолаверса, биохилма-хилликни ошириш, экологик мувозанатни барқарорлаштириш ҳамда барча фауна вакиллари учун озуқа занжирини яратишни таъминлайди.
Маълумот учун, Оролбўйи минтақаси шароитида шарқ жийдасининг "Тошкент-16" ва "Самарқанд-7" навларидан бир йиллик стандарт кўчатлар вегетатив йўл билан тайёрланди ва тайёр кўчатлар сони жами 5800 тупга етди. Оналик плантациялар ва иҳотазорларга экилган ер майдонлари 10,65 гектарни ташкил қилади.