Қашқадарёда 15 ёшли соҳибжамол йигитининг ўлимига сабабчи бўлди

Қашқадарёда 15 ёшли соҳибжамол йигитининг ўлимига сабабчи бўлди

Ёшликка таъриф берилганида, аввало, муҳаббатга, гўзал ҳис-туйғуларга эътибор қаратилади, йигит-қизларнинг кечинмалари таърифланади. Зеро, севиш одамнинг одамга фақат эзгулик тилаши ва яхшилик қилишидир.

Лекин бугунги қаҳрамонларимизнинг севгисини ушбу таърифлар билан изоҳлаб бўлмайди, аксинча фақат “беҳаё” ибораси билан таъриф бериш мумкин.

Ўшанда эндигина 15 ёшда бўлган Зарнигор Холдорова (исм-фамилияси ўзгартирилган) истараси иссиқ, тили ширин, бир қарашда ўзига ром этадиган қадди-қоматли эди. Ачинарли томони, Зарнигорнинг отаси ишлаш учун Россияга кетган бўлиб, онаси унинг тарбиясига эъти­борсиз эди. Яъни, Зарнигорнинг юриш-туриши, қаерга бориши, қандай машғулот билан бандлиги, кимлар билан учрашиб юрганлиги онасини деярли қизиқтирмасди.

“Билган ишингни қил”, деган фикрда ҳаёт тарзини олиб бораётган Зарнигорнинг эса “ошиқ”лари талайгина эди.

Эндигина 24 ёшга кирган, бўйдоқ, топиш-тутиши жойида бўлган, таниш-билишлари, дўстлари ҳавас қиладиган Мурод Шамилов (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам Зарнигорнинг “ошиқ”ларидан бири эди.

Зарнигор ва Муроднинг муносабатлари кун сайин кучайиб, ишқ дарди иккисининг ҳам кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйганди. Уларнинг муносабати оддий севги эмас, балки беҳаё­лик тусини олади. Турли сайё­ҳатлар, бир неча кунлаб ёлғизликда қолишлар, Муроднинг яшаш уйидаги меҳмондорчилик­лар, бирга ўтказган бедор тунлар бунга мисол бўла олади.

Воқеанинг энг ташвишли ва аянчли жиҳати – икки ёш ўртасидаги бу каби муносабатлардан Зарнигорнинг онаси ва холасининг хабардорлигида эди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: 15 ёшда бўлган қизининг “беҳаёликлари” нима учун онанинг эътиборидан четда қолди?

Аниқланишича, Зарнигорнинг онаси қизининг Мурод билан муносабатидан хабардор бўлиши билан бирга, Мурод билан бу ҳақда суҳбатлашган ҳам. Лекин ўз вақтида қизини бу йўлдан қайтариш, унинг ўқиши ва таҳсил олиши учун имконият ва шароит яратиб бериш чораларини кўрмаган.

Ўз навбатида Зарнигорнинг ўзига “ошиқ” бўлган йигитлар сони ортиб бориши унинг бош­­қа “хурмача” қилиқлар чиқаришига олиб келади.

Зарнигор Мурод билан муносабатни давом эттириш билан бирга, бош­­қа “ошиқ” йигит билан ҳам учраша бош­лайди. Бу орада, Мурод оила аъзолари томонидан унга муносиб деб кўрилган қиз билан учрашиб, у билан унаш­тирилади. Бундан хабар топ­ган Зарнигор жанжал чиқара бош­лайди, “ошиқ”лар ўртасида турли келишмовчилик­лар авж олади.

Мурод эса Зарнигорнинг бош­­қа йигит билан учрашиб юрганини рўкач қилиб, у билан муносабатларини якунлаш пайига тушади.

Воқеа куни Зарнигор ва Мурод биргаликда йигитнинг автомашинасида унинг яшаш уйи­­га келиб, хонадондаги автомашиналар сақлаш бўлмасида жанжал қилишади. Бир-бирларини уриб, тепишади. Зарнигор жаҳл устида, автомашинанинг орқа ўриндиғида ўзига тескари қараб ўтирган Муроднинг елкасидан ушлаб кучи борича итариб юборади.

Мурод автомашинанинг орқа ўнг томон эшиги соҳасидаги қаттиқ қисмига юзи билан урилиб, юзтубан ётиб қолганлиги натижасида, бурун суягининг синиши жароҳатидан оғир даражали шок (карахтлик) ва ҳушсизлик ҳолатига тушади ва бурундан келаётган қон массасини ютиши, миқдорда қон кетиши натижасида вафот этади.

Мазкур жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва судда кўриш жараёнида, 15 ёшли қизнинг “саргузаштлари” барчани ҳайратга солиши аниқ. Бу эса ўта ташвишли ва ҳар бир ота-онани сергак тортишга ундамасдан қолмайди.

Жиноят иши судда кўриб чиқилиб, З. Холдоровага Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди билан унинг жиноят содир қилган вақтда 16 ёшга тўлмаганлиги ва марҳумнинг қонуний вакилининг даъвоси борлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 85-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) га асосан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайин­ланди.

Ҳақли савол туғилади, нима сабабдан вояга етмаган, ҳаётнинг аччиқ-чучигини тотмаган З. Хол­дорова ва 24 ёшда бўлган М. Ша­миловга ота-онаси тўғри йўл кўрсата билишмади, уларнинг таълим-тарбияларига бефарқ қарадилар? Нимага улар истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролар йиғини, кенг жамоатчилик бу каби ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва назоратга олиш чораларини кўрмади?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбия­лаш бўйи­­ча кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган, ёшларга катта ишонч билдирилаётган ва уларнинг чуқур билим олишлари, етук, комил инсон бўлиб улғайишлари учун барча имкониятлар яратилаётган бир пайтда бу каби мудҳиш воқеалар юз бериши жуда ачинарли ҳол.

Амалиёт фақат жазо ёки мажбурлов чораларини қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига ҳуқуқ­бузарлик ва жиноятга қўл урмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларни сингдириш, фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактика, маърифий фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шу мақсадда кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, таълим муассасалари, жамғармалар ва ёшлар ташкилотлари имкониятларидан кенг фойдаланиш зарур. Бунда ёшларнинг таълим-тарбия­сига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг юриш-туриши, машғулотлари, қизиқишларини ўрганиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш юзасидан тизимли ишлаш талаб қилинади.

Шаҳзод Бахтиёров,

Қашқадарё вилоят суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!