Қандай йўл қурган афзал?

Қандай йўл қурган афзал?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари асфальт ва цементбетон йўлларнинг иқтисодий ва экологик кўрсаткичларини қиёсий таҳлил қилди.

Ўзбекистон сўнгги пайтларда транзит транспорти учун муҳим марказга айланиб бораяпти ва автомобилларда юк ташиш ҳажмининг сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Автомобиль йўлларини қуришда ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ: АҚШда транспорт воситалари юқори тезликда ҳаракатланувчи йўлларнинг 60 фоизи цементбетон қопламали. Ушбу кўрсаткич Германияда 38 фоизни, Австрияда 46 фоизни ташкил этади. Хитой ва Японияда ҳам кўпроқ цементбетон йўллар қурилаяпти.

Цементбетон йўлларнинг умумий иқтисодий самарадорлиги юқори. Улардан 30 йил ёки ундан ҳам кўпроқ муддат таъмирсиз фойдаланиш мумкин. Асфальт йўллар вақти-вақти билан таъмирлаш ҳисобига 8-12 йил давомида хизмат қилади. Битум ҳом ашёси импортини қисқартириш ҳисобига цементбетон қопламали йўлларни қуриш пировардида анча арзонга тушади (умумий харажатлар 40% дан кам).

Цементбетон йўлларнинг ресурс базаси ҳам катта. Унинг асосий таркибий қисмлари - цемент, шағал, тош ва қум Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида ишлаб чиқарилади.

Бундай йўлларнинг атроф-муҳитга таъсири камроқ. Шарқий Англия университети мутахассислари бетон иссиқхона газларини ўзига сингдиришини аниқлади. 1930-2013 йилларда дунё миқёсида барча бетон бинолар, иншоотлар ва цементбетон қопламали йўллар 4,5 гигатонна углеродни ўзига сингдирган. Бу ишлаб чиқаришда ҳосил бўлувчи CО2 нинг 43 фоизи дегани.

"Яшил" қурилишнинг жорий этилиши мамлакатнинг турли халқаро индекслар, жумладан, кредит рейтинглари даражасини оширишда ёрдам беради.
Халқаро транзит юк ташиш учун замонавий автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш асосий вазифалар қаторига киритилди. Цементбетоннинг муҳим экологик ва иқтисодий таъсири ундан автомобил йўллари қурилишида кенг фойдаланишдаги асосий омил бўла олади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!