Путиннинг янги нишони - Ғарбий Болқон

Ғарбий Болқон яқин келажакда харитадаги янги можаролар марказига айланиши мумкин. Кремль раҳбари Владимир Путин бу ҳудуддан ўз манфаатлари йўлида "ўйин майдони" сифатида фойдаланиши эҳтимоли бор, деб ёзмоқда Политиcо.
"Европа диққати Украинага қаратилган бир пайтда, Ғарбий Болқондаги вазият кескинлашиб бормоқда. Минтақа раҳбарлари ва Буюк Британия Путин бу вазиятдан фойдаланиб қолишидан хавотирда," дея таъкидламоқда нашр.
Буюк Британия ҳукуматининг юқори лавозимдаги вакиллари Ғарбий Болқонни "яна бир можаролар маркази" деб баҳоламоқда. Вазият мураккаблашгани боис, Лондон Россия таъсирига қарши курашиш мақсадида минтақадаги барча давлатларнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини қатъий талаб қилмоқда.
"Европада уруш давом этаётган ва Россия минтақага кучли таъсир кўрсатаётган бир пайтда, ҳали ҳам ечимини топмаган муаммолар мавжуд бўлган Ғарбий Болқондан эътиборни чалғитиш нодонлик бўларди," - деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми.
Унинг сўзларига кўра, Путиннинг Европанинг бу қисмидаги манфаати минтақани беқарор ҳолатда сақлаб қолишдан иборат.
"Ғарбий Болқон мамлакатларини доимо хавф остида тутиш, аҳолини беқарорлаштириш ҳамда кибер ва гибрид уруш олиб бориш унинг манфаатларига тўғри келади," дея қўшимча қилди дипломат.
Нашр фикрларини келтирган ташқи сиёсат экспертлари ва вазирлар Кремль чуқур илдиз отган этник ва диний зиддиятлардан фойдаланиб, Болқонда янги тартибсизликларни келтириб чиқаришга, ўз манфаатларини мустаҳкамлашга ва Европа Иттифоқи учун янада кўпроқ муаммолар яратишга уринишидан хавотирда.
"Ҳозир улар (Ғарбий Болқон) олдинга силжиши керак, акс ҳолда Россиянинг ўйин майдончаси бўлиб қолаверади," деди британиялик амалдорлардан бири.