Покистон журналистлари раҳбари ОАВни тинчликни тарғиб қилишга чақирмоқда

Покистон журналистлари раҳбари ОАВни тинчликни тарғиб қилишга чақирмоқда

Покистон Журналистлар федерацияси бош котиби Азим Рана Муҳаммад оммавий ахборот воситалари ходимларини дунёдаги зўравонлик, нафрат ва тартибсизликни камайтириш йўлида минтақалар, турли жамоалар ўртасида тинчлик-тотувликни тарғиб қилишдек муҳим вазифани зиммасига олишга чақирди. Бу ҳақда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи “UNA-OIC” маълум қилди.

Азим Рана Муҳаммад Саудия Арабистони Қироллиги Жидда шаҳрида бўлиб ўтган “Оммавий ахборот воситаларида нафрат ва зўравонлик тарқалиши авж олишини камайтириш” халқаро форуми доирасида “Нафрат нутқи ва экстремизмга қарши курашда дин ва оммавий ахборот воситалари иттифоқи” мавзусида ўтказилган тўртинчи сессияда иштирок этиб, Фаластиндаги журналистлар ҳаёти билан боғлиқ йўқотишни камайтириш учун уларни халқаро оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватлаши кераклигини айтиб ўтди.

ОАВ бизнес юритиш ва даромад топиш ҳуқуқига эгалигини айтиб ўтган Азим, уларнинг асосий бурчи холис бўлиш эканини урғулади, бу тинчлик, халқлар ўртасидаги келишмовчиликка барҳам бериш ва одамларни бир-бирига яқинлаштиришда асосий омил экани ҳақида сўз юритди.

У журналистларни “тинчлик вакили” деб атаб, тинчлик журналистиканинг асл моҳияти эканига эътибор қаратиб, Жаҳон мусулмонлари лигаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ахборот агентликлари иттифоқи, Халқаро Журналистлар федерацияси ҳамкорлигида семинар, мунозара ва ўқув курслари орқали дунёда тинчлик ўрнатиш ғоясини илгари суришга чақирди. Журналистика тинчлик ва тенглик тарафдори сифатида жамиятдаги адолатсизлик ва нафрат унсурини йўқ қиладиган кучли хабарчи эканини айтиб, журналистикада диний қарама-қаршиликдан холи бўлиши, нафратга барҳам бериши, тинчлик хабарини тарқатиши ва инсонийликни тарғиб қилиши зарурлигини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!