Оқ уй Теҳронга таҳдид қилди
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар давом этаётгани ва «самарали ўтаётгани»ни маълум қилди.
У журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда эронлик томон баёнотлари музокаралар босқичи тўхтаб қолганини англатадими, деган саволга жавобан: «Йўқ. Улар давом этмоқда», — деди.
Ливиттнинг айтишича, душанба куни Дональд Трамп ҳам музокаралар самарали кечаётганини таъкидлаган ва бу ҳолат ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда.
У АҚШ ва Эрон вакиллари Покистонда учрашиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқламади.
Оқ уй маълум қилишича, Дональд Трамп Эрон билан тинчликни афзал кўради, аммо зарур бўлса, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга тайёр.
Ливиттнинг сўзларига кўра, «Трамп блеф қилмайди, у жуда қаттиқ зарба беришга тайёр».
«Президент доимо тинчликни афзал кўради, одамлар ҳалок бўлиши ва вайронагарчиликка ҳожат йўқ. Аммо агар Эрон ҳозирги воқеликни тан олмаса ва ҳарбий мағлубиятга учраётганини тушунмаса, президент Трамп уларга ҳалигача берилган зарбалардан ҳам кучлироқ зарба берилишини таъминлайди», — деди у.
Шунингдек, Ливитт Дональд Трамп 14–15 май кунлари Пекин шаҳрида Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашишини билдирди. Аввалроқ бу учрашув кечиктирилган эди.
Унинг айтишича, Си Цзиньпиннинг АҚШга жавоб ташрифи 2026 йил охирида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
