Олимлар коронавирус қаердан тарқалганини аниқлади

Олимлар коронавирус қаердан тарқалганини аниқлади

АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа мамлакатлардан бир гуруҳ олимлар коронавирус тарқалишининг манбаи Хитойнинг Ухан шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозори эканини аниқлади. Уларнинг тадқиқоти Cell илмий журналида эълон қилинди.

12 миллиондан ортиқ аҳолига эга Уханда 4 та тирик ҳайвонлар бозори фаолият юритади. Улар орасида Хуанань бозори энг кўп ёввойи ҳайвонлар сотиладиган жой ҳисобланади.

Ҳужжатларга кўра, 2019 йилнинг кузида бир неча сотувчилар енотсимон итлар, бамбук каламушлар, малай жайралари, Амур типратиканлари ва Осиё бўрсиқлари каби тирик ҳайвонларни ноқонуний равишда сотган. Ёввойи ҳайвон сотувчиларнинг аксарияти бозорнинг ғарбий қисмида жойлашган, айнан шу ерда COVID-19 билан касалланишнинг энг дастлабки ва кўп ҳолатлари кузатилган, дейилади тадқиқотда.

Бозордан олинган генетик материал намуналари пандемиянинг умумий аждодига генетик жиҳатдан мос келган. Коронавирус излари ҳайвонлар сақланадиган қафасларда, уларни ташилган араваларда ва канализация каналларида топилган. Бунда кўршапалаклар генетик материалининг мавжудлиги аниқланмаган. ЖССТ 2021 йилдаги ҳисоботида айнан шу ҳайвонлар COVID-19 тарқалишининг энг эҳтимолий манбаларидан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди.

Олимлар вирус тарқалишининг иккита фаразий вариантини илгари сурмоқда: ҳайвонлардан (аниқ қайси турдан эканини аниқлашнинг иложи бўлмади) одамга ёки аксинча — одамлар уни бозорга олиб кирган.

ЖССТ вируснинг лаборатория шароитида эмас, балки табиий йўл билан пайдо бўлганини илгари сурган. Уханда вирусология институти жойлашган бўлиб, у ерда COVID-19 тарқалишидан олдин бошқа коронавируслар ўрганилган. Шу сабабли турли вариантлар, жумладан, биоматериалнинг сизиб чиқиши ва Пекин томонидан биологик қурол ишлаб чиқарилиши каби тахминлар кўриб чиқилган.

Хитой коронавируснинг лаборатория келиб чиқиши эҳтимолини қатъиян рад этиб, мамлакатни шу асосда обрўсизлантиришни тўхтатишни, бу масалани сиёсийлаштирмасликни талаб қилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!