«Оиладаги зўравонликни қонунан жиноят деб эътироф этиш сари қатъий бормоқдамиз» — Танзила Норбоева

«Оиладаги зўравонликни қонунан жиноят деб эътироф этиш сари қатъий бормоқдамиз» — Танзила Норбоева

Ўзбекистон Олий Мажли Сенати раиси Танзила Норбоева 15 март куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тамойилларни таъминлаётгани билан бир қаторда конституциявий ислоҳотлар ҳам муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари орқали мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини амалга оширишда парламентнинг ролини ошириш юзасидан ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.

Фолкер Тюрк Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш борасида эришилган натижаларни, амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Олий комиссар можароли ҳудудлардан ўзбекистонлик аёллар ва болаларни қайтариш, уларни жамиятга реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо берган.

«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тамойилларга содиқ бўлиб, ўз қонунчилигини халқаро стандартларга изчил мувофиқлаштириб бормоқда. Бу жараёнда ҳалқаро ташкилотларнинг гендер зўравонликка барҳам беришга оид тавсиялари алоҳида диққатимиз марказидадир. Ҳозирда Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни криминализациялаш сари қатъий бормоқдамиз ва бу муҳим қадам бўйича позициямиз ўзгармайди», — деган учрашувда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Суҳбат чоғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш, ижтимоий-инклюзив муҳит ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Учрашув якунида жамиятда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини ишга солишга қаратилган ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!