Самолёт ҳалокатида 38 нафар инсон вафот этди
Ҳозир Актауда бўлган Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев йўловчи самолёти ҳалокати тафсилотларини маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳозирда 38 та ўлим ҳолати маълум.
"Вазият унчалик яхши эмас, 38 кишининг жасадлари аниқланди, 29 нафари, жумладан, икки бола жароҳатланган, уларнинг 11 нафари барқарор, қолганлари эса ўртача оғирликда”, — деди Бозумбаев Актауда Озарбайжон делегацияси вакиллари билан учрашувда.
Унинг аниқлик киритишича, ҳалок бўлганларнинг жасадларини аниқлаш учун тегишли экспертиза тайинланади.
Бозумбаев Озарбайжон делегацияси вакилларини жабрланганларни даволаш учун барча зарур дори-дармонлар мавжудлиги, Остонадан энг яхши шифокорлар билан қўшимча рейс жўнатилишига ишонтирди.
Бош вазир ўринбосари омон қолганлар орасида Қозоғистон фуқаролари йўқлигини қўшимча қилди.
"Шахси аниқланмаган бир аёл бор, у касалхонада ҳушсиз ётибди, қолган 29 киши орасида ҳеч қандай ҳужжат йўқ", - дейди Канат Бозумбаев.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан тергов ишлари Қозоғистон Бош прокуратураси, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ва авиация идоралари назорати остида олиб борилмоқда.
“Ҳодиса бизнинг ҳудудимизда содир бўлган, тергов ишлари Бош прокуратура назорати остида, тергов ишларини Ички ишлар вазирлиги ҳам олиб бормоқда, озарбайжонлик ҳамкасбларимиз ҳам воқеа жойида, улар ҳам иштирок этади. – дея хулоса қилди Бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни Бокудан Грознийга учаётган Озарбайжоннинг Azerbaijan Arilines компаниясининг Embraer самолёти Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган эди. Самолёт бортида 67 киши бўлган, улардан 42 нафари Озарбайжон, 16 нафари Россия, 6 нафари Қозоғистон ва 3 нафари Қирғизистон фуқаролари.