Нетаньяху Ғазодаги урушни тугатишнинг “энг яхши йўли”ни айтди
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Қуддусдаги матбуот анжуманида мамлакатнинг “урушни тугатиш” ва ҲАМАСни мағлуб этишдан бошқа “иложи” йўқлигини айтди.
Исроил ҳозирда Ғазо секторининг 75 фоизини назорат қилса-да, Фаластин гуруҳининг таянч нуқталари ҳамон бор, улардан бири Ғазо шаҳри, деди у. ҲАМАСни йўқ қилиш “урушни тугатишнинг энг яхши йўли”, деб ишонади Бош вазир (The Telegraph иқтибос келтиради). Нетаньяхуга кўра, Исроилнинг мақсади Ғазони босиб олиш эмас, балки уни озод қилишдир.
Бош вазир урушни тугатишнинг беш тамойилини айтиб ўтди, жумладан, ҲАМАСни қуролсизлантириш, гаровга олинганларни озод қилиш, Ғазони демилитаризация қилиш, минтақада хавфсизлик назоратини Исроилга топшириш ва минтақада на ҲАМАС, на Фаластин маъмурияти томонидан назорат қилинмайдиган “муқобил фуқаролик бошқаруви”ни яратиш.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, сўнгги нуқта Ғазо секторининг янги ҳукумати болаларни террорчилик фаолиятида иштирок этишга ундамаслиги, терроризмни молиялаштирмаслиги ёки қўллаб-қувватламаслиги, терроризмни қўзғатувчиси бўлмаслигини назарда тутади. “Бу Исроил давлати билан тинчликда яшайдиган ҳукумат бўлиши керак”, деб таъкидлади у (Newsru.co.il иқтибос келтирган).
8 август куни Исроил ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режасини тасдиқлади. Нетаньяхунинг идораси операция тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказилишини ва у бошланишидан олдин ЦАХАЛ Ғазо ва унинг атрофидаги 1 миллионга яқин аҳолини минтақа жанубига эвакуация қилишлари кераклиги ҳақида хабар беришини айтди. Операция беш ойгача давом этади, дея хабар беради CNN.
Бу режа хорижда ҳам, Исроилда ҳам норозилик уйғотди, Тел-Авивда юз минглаб одамлар вазият кескинлашганига норозилик билдириб, гаровга олинганларни озод қилишга чақириш учун кўчаларга чиқди, деб хабар берди rbc.ru.
