Намозни ўз вақтидан кечга суриш ҳаромдир

Намозни ўз вақтидан кечга суриш ҳаромдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозни ўз вақтидан кечга суришга фақат икки нарсагина – ухлаб қолиш ва эсдан чиқариш узр бўлиши мумкин. Унда ҳам ухлаб қолган уйғониши билан, эсидан чиқарган эсига тушиши билан дарҳол ўқиб олиши шарт қилинади.

Аммо бошқа далил ва ҳужжатлар яхшилаб ўрганиладиган бўлса, яна узрлар борлиги аён бўлади.

Ҳайз ва нифос кўрган аёллардан ўша пайтдаги намозлари соқит бўлади. Улар мазкур намозларнинг қазосини ҳам ўқимайдилар. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам мусулмон бўлса ёки тузалса, аввалги намозларининг қазосини ўқимайди. Жинни ва ҳушидан кетган кишиларнинг узрли ҳолати беш маҳал намоз вақтидан ортиқ давом этса, улардан намоз соқит бўлади. Агар мазкур миқдордан оз бўлса, қазосини ўқийдилар.

Душманнинг қаттиқ хавфи қоим бўлиб турганда ҳам намозни кечга суришга рухсат бор. Ҳандақ куни мушриклар Пайғамбаримиз алай­ҳиссаломни тўрт вақт намоздан машғул қилганлар.

Шунингдек, туғилаётган боланинг ўлимидан қўрққан доя ва туғаётган она ҳам узрли ҳисобланадилар.

Намозни вақтида ўқимаган одам учун уларнинг қазосини ўқиши лозимлигини билдирадиган бошқа далиллар ҳам кўп.

Қазо намозни ўқиш лозимлиги ҳақида сўз юрита бориб, аллома Бадриддин Айний Ҳанафий «Ҳидоя»га битган «Биноя» номли кўп жилдли китобларининг иккинчи жилди, 582-бетида қуйидагиларни ёзадилар:

«Бу ҳукм уйқу ва унутишга хос эмас. Қачон намозни фосиқлик ёки бепарволик билан тарк қилган бўлса ҳам унга қазо ўқиш фарз бўлишига умматнинг ижмоъси собит бўлган.

Имом Аҳмад «Намозни қасддан тарк қилган одам муртад бўлгани учун қазосини ўқимайди», деганлар. У кишининг фикрича, ундай одамни қазо ўқишга қўймай, қатл қилиш керак.

Қазо намоз худди ўз вақтида адо этиладиган намоз каби ўқилади. Ҳазарда қазо қилса, тўлиқ, сафарда қазо қилган бўлса, қаср қилинади. Қироатни махфий ёки ошкор қилиш ҳам шу намознинг ўз вақтида адо этилишидаги каби бўлади. Витр намозининг қазоси ҳам ўқилади.

Олти вақтгача намозни қазо қилган одам қазоларини тартиб билан ўқийди. Ундан кўп бўлса, тартиб бузилади ва иложини қилганда ўқийверади.

Кимнинг қазо намозлари ададини билмайдиган даражада кўп бўлса, ўзининг тахминида ғолиб бўлиб, қарзим тугади, деган ҳолга етгунча ўқийверади.

Ҳаммамиз яхши ва аниқ билишимиз керакки, мазкур узрлардан бошқа ҳеч қандай узр ила бир вақт намозни ҳам қолдириб бўлмайди. Ҳар бир қолдирилган намоз бенамознинг бўйнига битмас-туганмас гуноҳ бўлиб ёзилади. Шунинг учун бир вақт ҳам намозни қолдирмай ўқишимиз керак. Баъзи бир намоз ўқимай юрган ёр-биродарларимиз, оила аъзоларимиз ва қариндош-уруғларимизга ҳам буни яхшилаб тушунтирмоғимиз керак.

Manba: islom. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!