Наҳотки?! Яқинда амалдорлар лавозимига қараб машина минади

Наҳотки?! Яқинда амалдорлар лавозимига қараб машина минади

18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисда депутат Расул Кушербаев молия вазири Тимур Ишметовга нима сабабдан айрим ҳокимлар ва бошқа амалдорлар атрофдаги пандемия ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олмасдан, Chevroley Trail Balzer каби қиммат автомашиналар харид қилаётгани ҳақида савол берган эди.

Бунга жавобан, ушбу масалада жамоатчиликни рози қилиш учун Молия вазирлиги қисқа вақт ичида (бир ҳафта) янги қонун ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

“Ушбу масалада жамоатчилик норози бўлаётган экан, биз ҳар бир лавозимда ишлаётган амалдор қандай турдаги хизмат автомобили харид қилиши мумкинлигини қонун  томонидан белгилаб қўйишга мажбурмиз”, - деди Тимур Ишметов.   

Лекин шу билан бирга, молия вазири охирги йилларда Ўзбекистонда ушбу соҳада юз бераётган муҳим ўзгаришларни ҳам айтиб ўтди.

Битта вазирлик томонидан ҳокимликларнинг барча харажатларини ҳисоб-китоб қилиб боришнинг имкони йўқ. Ёки сотиб олиш мумкин бўлган ёки бўлмаган ҳар бир нарсанинг рўйхатини тузиб чиқиш, аниқ кўрсатма бериш ёки бирорта вазирлик рухсати билан сотиб олиш - бу яна орқага қайтиш бўлади.  

Биз борган сари вазирликларга ва маҳаллий бюджетларга молиявий мустақилликни бериб борамиз. Мана, бизда давлат харидлари портали ишга тушган. Ўша ерда давлат муассасаларининг барча харидлари аниқ қайд этиб борилмоқда.

Шунинг эвазига ОАВда ушбу масалалар ёритилмоқда, мана Олий Мажлисда ҳам муҳокамагача етиб келди. Демак, жамоатчилик назорати ҳам кучаймоқда. Буларнинг ҳаммаси - очиклик сиёсатининг маҳсулидир. Вақти келиб жамоат назоратининг ўзи ҳаммасини жойига солиб қўяди, - деди вазир.

Маълумот учун, 16 ноябрь куни Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси таклиф қилган давлат бюджетига бир қатор таклифлар билдирилган эди. Ана шу таклифлардан бирида, маҳаллий ҳокимиятларнинг захира фондлари миқдорини умумий бюджет харажатларининг 1% ўрнига 0,5 % қилиб белгилаш таклиф этилган эди. Бунга сабаб маҳаллий ҳокимликлар ушбу фонд маблағларини асосан ўз моддий базасини яхшилашга, жумладан, автомобиль харид қилишга сарфлаётгани айтиб ўтилган эди. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!