Мянмада 150 нафар роҳинжа ҳибсга олинди

Мянмада 150 нафар роҳинжа ҳибсга олинди

Мянма ҳукумати 150 га яқин роҳинжаликни Малайзияга қочишга уринганликда гумон қилиб ҳибсга олди, деб хабар берди расмийлардан бири.

Мянма жанубидаги Танбюзаят шаҳрида бир гуруҳ эркаклар, аёллар ва болалар ҳибсга олинди, деди оммавий ахборот воситалари билан гаплашиш ҳуқуқига эга бўлмагани учун исми сир қолишни сўраган расмийлардан бири.

Расмий гуруҳ нима учун ҳибсга олингани ҳақида батафсил маълумот бермади, бироқ мусулмон озчилик Мянмада кўчиш йўлида бир қатор чекловларга дуч келмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари улар апартеидга яқин шароитда яшаётганини айтишдан нарига ўтмаяпти.

“Улар икки қишлоқ ўртасидаги тепалик ўрмонда яширинган экан... Кеча хабардор бўлганимиздан кейин уларни ҳибсга олишни бошладик”, деди хавфсизлик манбаси.

Расмий шахснинг таъкидлашича, дастлабки маълумотларга кўра, гуруҳ ғарбий Ракхайн штатидан қайиқда етиб келган ва биринчи навбатда Таиландга, кейин эса автомобил йўли билан Малайзияга боришни режалаштирган.

Манбага кўра, одам савдосида гумон қилинган бир неча роҳинжа миллатига мансуб бўлмаганлар ҳам ҳибсга олинган ва полиция яна 30 га яқин кишини қидирмоқда.

2017 йилда Мянмадаги ҳарбий босим юз минглаб роҳинжаларни қотиллик, зўрлаш ва тириклайин ёқилиши оқибатида қўшни Бангладешга қочишга мажбур қилди.

Минглаб роҳинжалар ҳар йили Бангладеш ва Мянмадаги лагерлардан Малайзия ва Индонезияга кўчишга уруниб, ўз ҳаётини хавф остига қўяди. Уларнинг аксарияти мусулмонлардир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!