Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль»ни тарк этишини эълон қилди
Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль»дан кетиши ҳақида расман баёнот берди.
24 март куни Ливерпуль клуби мисрлик вингер билан мавсум якунида хайрлашишини маълум қилди. Шу тариқа, Салоҳнинг мерсисайдликлар сафидаги 9 йиллик фаолияти ўз ниҳоясига етади.
Футболчи ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатида ҳис-туйғуларини яширмади:
«Салом ҳаммага! Афсуски, бу кун келди. Бу менинг хайрлашувимнинг биринчи қисми. Мавсум охирида “Ливерпуль”ни тарк этаман. Ростини айтсам, бу клуб, бу шаҳар ва бу инсонлар ҳаётимнинг қанчалик катта қисмига айланишини ҳеч қачон тасаввур қилмаганман.
“Ливерпуль” – бу шунчаки футбол клуби эмас. Бу ишқ, тарих ва руҳ. Биз бирга катта ғалабаларни нишонладик, муҳим совринларни қўлга киритдик ва қийин даврларни ҳам елкама-елка енгдик.
Бу ерда бўлган барчага раҳмат айтмоқчиман. Айниқса, жамоадошларимга ва мухлисларга. Сизларнинг қўллаб-қувватлашингизни сўз билан ифода этиб бўлмайди. Бу мен билан абадий қолади.
Кетиш доим осон эмас. Сизлар менга ҳаётимдаги энг яхши дамларни тақдим этдингиз. Мен ҳар доим сизнинг бир бўлагингиз бўлиб қоламан. Бу клуб доим менинг уйим бўлиб қолади. Мен ва оилам учун. Раҳмат барчаси учун».
Салоҳ «Ливерпуль» тарихидаги энг ёрқин ўйинчилардан бири сифатида қолади. У жамоа билан бирга бир қатор йирик совринларни қўлга киритиб, клуб афсонасига айланди.
