Муҳаббат ўзи нима?
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Савбон розияллоҳу анҳу Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ яхши кўрар, фироқларига сабр қила олмас эди. Бир куни Савбон розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юзлари қизарган ва титраган ҳолда кириб келди. У зот Савбон розияллоҳу анҳунинг бу ҳолатини кўриб сабабини сўрадилар. Шунда Савбон розияллоҳу анҳу: «Бетоб эмасман. Аммо озгина вақт сизни кўрмай қолсам даҳшатга тушаяпман. Мана ҳозиргина охиратни эсладим. Шубҳа йўқки, сиз жаннатда Пайғамбарлар билан бўласиз. Мен гарчи Аллоҳ раҳмат қилиб жаннатга кирсам ҳам сиз билан бўла олмайман. Чунки, сизнинг манзилингиз баланд. Агар жаннатга кира олмайдиган бўлсам, кейин сизни ҳеч қачон кўра олмайман. Охиратдаги ҳолим не кечишини ўйлаб титраб кетаяпман», деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!». ( Нисо, 69).
Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даражаларига ҳеч ким ета олмайди. Лекин раҳмати кенг, афви улуғ Зот суюкли Расулига илҳом берди. Аллоҳнинг ҳабиб Расули эса бу ҳушхабарни умматларга етказди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб сўради: « Қиёмат қачон бўлади?» « У кун учун нима ҳозирладинг», дедилар Расули акрам. «Аллоҳ ва Расулига муҳаббат» дея жавоб берди аъробий. Шунда Расулулоҳ: «Жаннатда ҳам яхши кўрганларинг билан бирга бўласан», дедилар . (Муттафақун алайҳ)
Демак, айни муҳаббат туфайли биз Аллоҳ Таолонинг дийдорига, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга абадий бирга бўлиш саодатига эришамиз. Шундай экан савол туғилади: «Муҳаббат қандай ҳосил бўлади, қандай кучаяди?..»
Келинг мазкур ҳадисга яна мурожаат қилайлик. Аъробий Аллоҳнинг Расулидан қиёматнинг вақтини сўради. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажиб бир ҳикмат билан бизга ибрат бўладиган тарзда сўровчининг эътиборини сўралаётган нарсадан муҳимроқ ишга қаратдилар.
Дарвоқе, кўп маълумотлар тўплаб, кўп билгандан кўра, оз билиб, кўп амал қилган фойдалироқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули умматга беҳуда сўзни унуттирдилар. Хайр амалга рағбат уйғотдилар. Зеро, ҳақиқий муҳаббат амалда зоҳир бўлади, амалда синалади. Амал билан кучаяди.
Бугун биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ўқияпмиз. Тарихларини ўрганаяпмиз. Сийратлари билан танишаяпмиз. Ҳар куни билганларимизга недир қўшилади, билимимиз ошади. Даъволаримиз ҳам шунга яраша. Фахр бор аммо фаҳм йўқ. Ақл жойида, афсуски хуш йўқ. Дунёнинг бебаҳолиги-ю, чивиннинг қанотича қадри йўқлиги хусусида соатлаб мажлис қурамиз, Саҳобалар ҳолатини ҳаётидан ҳайратланиб, тонглар оттирамиз. Афсус, эрталаб умримизнинг энг ғайратга тўла дамларини охират учун эмас, дунё учун мусобақалашиб ўтказамиз. Энг керакли вақтда қани у биз ўрганган тақво? Қани у биз билган ғам? Наҳотки барчаси ёлғон?! Балки бугун қорин тўқ-у, кўзлар оч. Ноз-неъматлар бисёр-у барака йўқ. Жамоат жам-у файз кам бўлиши шунданмикин?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мени ота-онангиз, фарзандларингиз ва молу дунёларингиздан яхшироқ кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар».
Саҳобалар ҳақиқий мўъмин бўлиш иштиёқида муҳаббатни намойиш қилиш билан эмас, балки муҳаббат билан банд эдилар. Бунга мисол кўп.
Уҳуд жангида «Муҳаммад ўлдирилди» деган гап тарқалди. Баъзилар Мадинага қараб қочди. Пайғамбарини суйган ансория аёллар «Расулуллоҳ қаерда?» дея у зотни қидира бошлашди. Улар ҳатто «ўғлинг шаҳид бўлди», «отанг ўлди», «эринг ҳалок бўлди» деган гапларига эътибор беришмади. Пайғамбарини излашди…
Пайғамбар алайҳиссалом дунёдан ўтганларидан кейин бир аёл келиб Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини кўрсатишларини сўради. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз муборак қабрни кўрсатганларидан кейин у аёл қабр ёнига бориб қабрни ўпган ҳолида жон таслим қилди.
Билол Ҳабаший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин азон айта олмадилар. «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» дейишлари билан ҳушларидан кетавердилар. Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат қалб сиридир. Бу сир қанча ичкарида бўлса, муҳаббат шунча бўлади. Амаллар бу сирни яширади. Сўзлар ошкор қилади. Аллоҳ учун қилаётган амалимизни ўзи билса бас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай эдилар. У зотга муҳаббатимиз чин бўлса, суннатлари билан яшаб сийратлари билан сифатланайлик.
Шавкат МАМАНАЗАРОВ,
Оқолтин тумани “Ҳожи Шайхуддинхўжа”
жоме масжиди имом-хатиби.
Manba: azon.uz
