Менинг онам — ҳамшира” кўрик-танлови ўтказилди
Пахтачи туманида тиббиёт ходимлари оилаларини бирлаштирган, меҳр ва эътирофга бой тадбир — “Менинг онам — ҳамшира” номли кўрик-танлов ташкил этилди. Мазкур ташаббус Пахтачи тумани Соғлиқни сақлаш бўлими касаба уюшмалари раиси Анвар Раимқулов томонидан илгари сурилди ҳамда туман Соғлиқни сақлаш бўлимининг катта ҳамшираси Гулзода Кенжаева иштирокида ўтказилди.
Танловда туман Соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда унинг тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ҳамширалар фарзандлари қатнашди. Иштирокчилар ўз оналарининг касбий фаолияти, меҳрибонлиги ва фидойилигини акс эттирувчи расмлар чизиб, ўз ижодий тасаввурларини намоён этдилар. Болаларнинг ранг-баранг тасвирларида ҳамширалар тимсоли нафақат тиббиёт ходими, балки меҳр-мурувват тимсоли сифатида ифодаланди.
Тадбирда жами 20 га яқин иштирокчи қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ижодий ишлар синчковлик билан баҳоланиб, қуйидаги ғолиблар аниқланди:
1-ўрин — Пахтачи тумани Соғлиқни сақлаш бўлими тасарруфидаги 13-оилавий поликлиника амалиёт ҳамшираси Баҳоpa Ахмедованинг 11 ёшли фарзанди Анора Раҳимова;
2-ўрин — туман реанимация бўлими ҳамшираси Севара Қувондиқованинг фарзанди, 18-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Шахзода Олимжонова;
3-ўрин — 21-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Чингиз Бекбоев.
Танлов якунida ғолиблар ҳамда барча иштирокчиларга касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Мазкур тадбир болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш, ҳамширалар меҳнатини эътироф этиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини яна бир бор улуғлашга хизмат қилди. Тадбир давомида болаларнинг қувончли чеҳралари ва оналарнинг фахрли нигоҳлари барчага илиқ кайфият улашди.
Иштирокчилар томонидан ташкилотчиларга самимий миннатдорчилик билдирилиб, бундай эзгу ташаббуслар келгусида ҳам давом этиши истаги таъкидланди. Зеро, бу каби тадбирлар тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш билан бирга, жамоа бирдамлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Нигора САМАНДАРОВА,
Пахтачи тумани Соғлиқни сақлаш бўлими тасарруфидаги болалар бўлими навбатчи ҳамшираси.
