FT: АҚШ Эрон дронларига қарши украин дрон-тутқичларини харид қилмоқчи
Пентагон Эрон дрон ҳужумларига қарши курашиш учун Украинада ишлаб чиқарилган дрон-тутқичларини харид қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Маълум қилинишича, Яқин Шарқдаги можаро фонида Эрон Форс кўрфази давлатлари ва АҚШ ҳарбий объектларига юзлаб дронлар учирган. Ҳозирча уларни йўқ қилишда асосан Patriot ҳаво мудофаа тизими қўлланилмоқда, аммо унинг ракета-тўсқичлари тез сарфланиб кетмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, Эроннинг Shahed-136 туридаги камикадзе дронлари тахминан 30 минг доллар туради. Patriot тизимидаги PAC-3 ракета-тўсқичи эса 13,5 миллион доллардан ортиқ туради.
Шу сабабли Пентагон ва Форс кўрфази давлатлари Украина тажрибасига қизиқиш билдирмоқда. Украина Россия билан уруш давомида арзон дрон-тутқич технологияларини ишлаб чиққан.
Маълумотларга кўра, бундай тутувчи дрон тизими тахминан 35,5 минг доллар туради ва 250 км/соат тезликда учиб, Shahed дронларини ҳавода йўқ қила олади.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ал-Соний ва БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан бу технологиядан фойдаланиш масаласини муҳокама қилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳамкорлик фақат Украина ўз мудофаа имкониятларига зарар етказмаган ҳолдагина амалга оширилиши мумкин.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина дронларга қарши кураш бўйича дунёдаги энг илғор тажрибалардан бирига эга.
Ўз навбатида, айрим ОАВ Зеленский АҚШ ва Форс кўрфази давлатларига бундай дрон-тутқичларни тўғридан-тўғри етказиб беришни рад этгани ҳақида ёзмоқда. Уларнинг иддаосича, Киев уларни Patriot ҳаво мудофаа тизими учун ракета-тўсқичларга алмашиш вариантини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.
