Маврикийда ижтимоий тармоққа тақиқ бекор қилинди
Маврикий давлатида телефон орқали сўзлашувларни тинглаш билан боғлиқ можаро туфайли сайлов олдидан ижтимоий тармоқни чеклаш тўғрисидаги қарор бекор қилинди.
"Arab News" хабарига кўра, 24 соат давом этган тақиқ Ҳинд океанидаги мазкур оролдаги фойдаланувчилар оммабоп тармоқларга киришини чеклаб қўйди. Умумий сайловдан кейинги кун - 11 ноябргача кучда туриши назарда тутилган ушбу қарор қабул қилинишига сиёсатчилар, журналистлар, фуқаролик жамияти аъзолари ва ҳаттоки, чет эл дипломатларининг ўтган ой интернетда пайдо бўлган махфий телефон ёзувлари эълон қилиниши сабаб бўлган. Бош вазир Правинд Кумар Жагнот идораси маълумот сизиб чиқиши ортидан "республикамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг миллий хавфсизлиги, суверенитети бузилган бўлиши мумкин" деди.
Шанба кунги баёнотда Ахборот ва коммуникация бошқармаси тақиқ "ваколатли идоралар билан маслаҳатлашилгандан кейин" бекор қилинганини билдирган. Зеро, чеклов ижтимоий тармоққа таянадиган мухолиф партиялар ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида норозилик уйғотганди.
Сиздирилган ёзувлар "Missie Moustass" (Mr Moustache) номидан, асосан, Тик-Ток’да жойлаштирилган. Ушбу аккаунтни блоклашга уриниш бўлди, лекин муаллиф тезда бошқа жойда, янги нуқтада пайдо бўлиб, деярли, ҳар куни маълумот бераверди.
Британия Олий комиссари Шарлотта Пьер иштирокидаги шахсий қўнғироқлар ҳам ошкор қилинган кўринади.
Яна бир шов-шувли хабар қуйидагича келтирилган: Жагнот жангари социалистик ҳаракат раҳбари этиб қайта сайланишга интилмоқда. У 2017 йил отаси вафотидан кейин бош вазирликни мерос қилиб олди ва икки йилдан сўнг ўз коалицияси сайловда ғалаба қозонишини таъминлади.