Ливияда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ аъзоларига узоқ муддатли қамоқ жазоси берилди
Триполи Жиноят суди жиноий гуруҳнинг тўрт аъзосини одам савдоси, мигрантларни тўлов эвазига ўғирлаш ва қийноққа солишда айблаб, 12 йилдан 22 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Бу ҳақда Ливия Бош прокуратураси эълон қилди.
Судланганларнинг исмлари ошкор қилинмаяпти. Судланувчилардан бири сиртдан ҳукм қилинди.
Терговчиларнинг сўзларига кўра, гуруҳ Триполи ғарбидаги Зувара қирғоқ шаҳридан мигрантларни ноқонуний олиб ўтган. Бундан ташқари, жиноятчилар мигрантларни ўғирлаб, уларнинг қариндошларидан пул ундириб, уларга жабрланувчиларнинг қийноққа солинаётгани акс этган видеоларни юборишган.
2011 йилда Муаммар Қаддафий режими ағдарилганидан бери Ливия чўл ва Ўрта ер денгизи орқали Европага етиб боришга уринаётган мигрантлар учун асосий транзит йўлларидан бири бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ, Зувара қирғоғида камида 17 кишининг, эҳтимол, мигрантларнинг жасадлари топилган эди.
Бундан ташқари, Ливия прокуратураси Тобрук шаҳридан нуқсонли қайиқда мигрантларни олиб ўтишни ташкил қилган яна бир жиноий гуруҳ аъзоларини ҳибсга олишни буюрган эди. Қайиқ Ўрта ер денгизида чўкиб кетди ва натижада Судан, Миср ва Эфиопиянинг 38 фуқароси ҳалок бўлди.
Ноябрь ойида Буюк Британия, Испания, Норвегия ва Серра-Леоне каби бир қатор давлатлар Ливияни инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маълумотларига кўра, қочқинлар ва мигрантлар қийноқ, зўравонлик ва шафқациз муносабатга дучор бўладиган мигрантларни сақлаш марказларини ёпишга чақирди.
