NATO Трамп билан келишмовчиликлар сабабли ҳар йиллик саммитлардан воз кечмоқчи
Бу ҳақда Reuters хабар бреди.
Шимолий Атлантика альянси ҳар йили саммит ўтказиш амалиётини тўхтатишни кўриб чиқмоқда. Агентликнинг олтита манбасига кўра, бу қарор Доналд Трамп президентлик муддатининг сўнгги йилида у билан юзага келиши мумкин бўлган зиддиятли учрашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Трамп маъмурияти альянс аъзоларини мудофаа харажатлари камлиги ва Қўшма Штатларнинг Эронга қарши амалиётларида етарлича ёрдам бермаётгани учун бир неча бор кескин танқид қилган эди. Шу сабабли, баъзи дипломатлар саммитларни икки йилда бир марта ўтказишни таклиф қилмоқда.
Режага кўра, 2027 йилги Албания саммити кузга сурилиши, 2028 йилда эса Қўшма Штатлардаги сайловлар ва Трампнинг фаолиятидаги охирги муддатини инобатга олиб, умуман саммит ўтказилмаслиги мумкин.
Таҳлилчиларнинг фикрича, учрашувлар сонини камайтириш альянсга "шов-шувли" баёнотларга чалғимасдан, диққатни асосий хавфсизлик масалаларига қаратиш имконини беради. Якуний қарорни эса NATO Бош котиби Марк Рютте қабул қилиши кутилмоқда.
