Ливан билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув лойиҳаси эълон қилинди
Исроилнинг давлатга қарашли “Kan” телерадиокомпанияси кеча Ливан билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжатда 1701-резолюцияга биноан, мамлакат жануби фақат Ливан қуролли кучлари ва БМТ тинчликпарвар миссияси томонидан назорат қилиниши таъкидланган.
Исроил ўт очиш тўхтагандан кейин етти кун ичида қўшинини тўлиқ олиб чиқиб кетади.
Битим имзоланган пайтдан бошлаб Исроил армияси ва Ливаннинг шиа ҳаракати “Ҳизбуллоҳ” томонидан ўт очишни тўхтатиш тўлиқ таъминланиши керак. Ярашув муддати 60 кунни ўз ичига олади. Бу даврда Ливан армияси ва БМТ вақтинча кучлари Литани дарёси жанубида “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириши ва гуруҳ инфратузилмаси бузиб ташланишини таъминлаши лозим. Шунингдек, ҳудудда ҳеч қандай бошқа қуролли гуруҳлар ҳам бўлмаслиги кафолатланиши лозим.
Исроил ўз мудофаа армияси бўлинмаларини бир ҳафтада Ливан жанубидан олиб чиқиб кетади. Жараён АҚШ ва яна бир неча мамлакат назорати остида кечади.
Ўт очиш тўхтагач, Ливан армияси қуруқлик, ҳаво ва денгиздаги барча чегара ҳудудларига жойлаштирилади. Таъкидланишича, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2006 йил қабул қилган 1701-резолюцияга асосан ҳамда турли гуруҳлар қайта қуролланишига йўл қўймаслик мақсадида, Ливан ҳукумати мамлакатга олиб кирилаётган ёки маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай қуролни назорат қилиши шарт.
Ҳужжатнинг ушбу бандини амалга ошириш учун ҳукумат мамлакат хавфсизлик кучларига зарур ваколатни беради.
Икки ой давомида Исроил ва Ливан БМТ резолюциясини тўлиқ бажариш ва чегара баҳсини ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри эмас, балки АҚШ орқали музокара олиб боради. Шунингдек, урушни тўхтатишга риоя қилишни таъминлаш учун янги Халқаро мониторинг механизми (Monitoring and Enforcement Mechanism, IMEM) яратилади.
Исроил ва Ливан зарурат туғилганда ўзини ўзи мудофаа қилиш чорасини кўришга ҳақли. Яна бир алоҳида бандга кўра, агар Ливан ҳукумати ўз ҳудудида хавфни бартараф қила олмаса, жумладан оғир қурол, ракета ва бошқа замонавий аслаҳаларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташишга тўсиқ қўя олмаса, Исроил бундай таҳдиддан ҳимояланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Мазкур ҳужжат лоҳиҳаси аллақачон Исроил сиёсий идораларига тақдим этилган. Масалани муҳокама қилиш учун АҚШ Президенти маслаҳатчиси Амос Хохштейн ва Америка маъмурияти Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича мувофиқлаштирувчиси Бретт Макгеркнинг Исроилга ташрифи кутилмоқда.