Кейинги уч ойда такси хизматлари буджетга 9,7 миллиард сўм солиқ тўлади
Солиқ қўмитасининг хабар беришича, такси хизматлари соҳасини легаллаштириш, расмий иш билан банд бўлмаган шахслар фаолиятларини қонунийлаштирган ҳолда ушбу бозордаги айланмалар ҳисобини юритиш бўйича бошланган ишлар йил сўнггига бориб ўзининг илк самарасини берди.
Биринчидан, бозорнинг энг катта иштирокчилари солиқ тизимлари билан интеграция қилиниб, такси хизматлари учун фискал чек бериляпти.
Иккинчидан, йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг расмий даромад манбайи шаклланиб, иқтисодий ҳаракатларда даромад тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олина бошланди (меҳнат стажи, ипотека, истеъмол кредитлари, товарларни бўлиб тўлаш...).
Эришилаётган натижалар: 2023-йил декабр ойида онлайн-такси агрегаторлари орқали 4,4 млн ташувлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш фаолияти 80,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан амалга оширилган. Жорий йил январ ойида қатновлар сони 5 млнга етди. Ташиш хизматлари 113,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилди.
Бу рақамлар янада ўсишда давом этяпти ва 1-март ҳолатига жами кўрсатилган такси хизматлари сони 18,3 млндан ошди. Шундан 8,9 млнтаси феврал ойига тўғри келади. Энг юқори айланмага эга шахслар сони 8 446 та бўлиб, битта ҳайдовчига ўртача 8,5 млн сўмдан тўғри келган.
Учинчидан, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларда тўловларни фискаллаштириш бўйича ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида декабр-феврал ойларида буджетга 9,7 млрд сўм солиқлар тўланди.
Ва албатта, бу йўналишда ечимини кутаётган ва охирига етказилиши керак бўлган яна бир қатор масалалар бор.
