Калифорнияда дарахтлар қулаши оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Калифорнияда дарахтлар қулаши оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Кучли ёмғир ва қор ёғиши кузатилган Калифорния штатида дарахтларнинг қулаши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди, деб хабар беради Тhе New York Тimes газетаси.

Маҳаллий об-ҳаво хизмати бу ҳафтадаги хавфли бўронлар билан боғлиқ кучли шамол ва ёғингарчилик чоршанба куни штатнинг жануби-ғарбий қисмига ўтишдан олдин пасайганини айтди.

Чоршанба куни Калифорнияда иккита торнадо тасдиқланди, бу АҚШнинг мазкур қисмида кам учрайдиган ҳодиса.

Миллий об-ҳаво хизмати чоршанба куни маълум қилишича, соатига 75 мил (соатига 120 километр) тезликка эришган биринчи тасдиқланган торнадо Санта-Барбаранинг шарқидаги денгиз бўйида юз берди. Торнадо 25 та мобил уйга зарар етказди.

Чоршанба куни Лос-Анжелес чеккасидаги Монтебелло шаҳрида иккинчи торнадо содир бўлиб, бир нечта биноларга зарар етказди. Расмийлар ҳали ҳам ундан етказилган зарарни баҳолашмоқда.

Сешанба куни тушдан кейин Сан-Франсиско жанубидаги Сан-Матео округида дарахт машина устига қулаши оқибатида бир киши вафот этди. Полиция маълумотларига кўра, дарахт кучли шамол ва намликнинг ҳаддан ташқари кўтарилиши туфайли қулаган.

Сешанба куни Сан-Франциско шимоли-шарқидаги Контра-Коста округидаги ўт ўчирувчиларнинг маълум қилишича, яна бир катта дарахт машина устига қулаган, натижада йўловчи ҳалок бўлган ва ҳайдовчи жароҳатланган. Расмийларга кўра, Сан-Франциско ҳудудида дарахтлар қулаши оқибатида яна икки киши ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган.

Оклендда уйсиз эркак Мерритт кўлида жойлашган чодирга улкан дарахт қулаши оқибатида ҳалок бўлди.

Шимолий Калифорнияда Санта-Круз округи ва Лос-Анжелес жанубидаги бир қанча йўллар транспорт ҳаракати учун ёпилди. Расмийларнинг таъкидлашича, Амтрак поезди ҳам Калифорниянинг Мартинез шаҳри яқинидаги дарахтга урилган.

Чоршанба куни тушдан кейин штат бўйлаб 90 000 га яқин аҳоли, асосан, Сан-Франциско кўрфази ҳудудида электр таъминотисиз қолди. Лос-Анжелес ғарбида қисқа вақт ичида торнадо ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!