Жанубий Корея КХДР Украинадаги урушга қўшин юборишни бошлаганини маълум қилди
Жанубий Корея разведкаси матбуот хизматига кўра, Шимолий Кореянинг 1 500 нафар аскари аллақачон Узоқ Шарқдаги Россия полигонларида бўлиб, у ердан Украинага жўнаб кетишлари кутилмоқда.
Хусусан, разведка маълумотларига кўра, Шимолий Корея ҳарбий хизматчилари Владивосток, Уссурийск, Хабаровск ва Благовешенскда жойлашган бўлиб, уларга рус кийим-кечаклари ва Россиянинг қалбаки ҳужжатлари берилган.
Узоқ Шарқдаги россиялик ҳарбий манба BBC’га мазкур маълумотларни тасдиқлаган. У, шунингдек, Шимолий Корея ҳарбийларининг бир қисми аллақачон етиб борганини ва Уссурийск яқинидаги ҳарбий базаларга жойлашганини маълум қилган.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Брюсселда нутқ сўзлаб, КХДРдан урушга жалб этилиши мумкин бўлган 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳақида хабар берган эди.
Номи ошкор этилмаган манбаларнинг Жанубий Корея ОАВга айтишича, гап 12 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳақида кетмоқда.
Қайд этилишича, Шимолий Корея қўшинлари Россия техникаси ва ўқ-дориларидан фойдаланмоқда. 2 600 нафар ҳарбий хизматчидан иборат биринчи отряд август ойида қўлга олинган Курск вилоятига бориши мумкин.
Бундан ташқари, Жанубий Корея разведкаси расмийлари шимолдан келган ракета зобитлари аллақачон жанговар зонада бўлиб, русларга Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланишда ёрдам бераётганини даъво қилмоқда.
Жанубий Корея разведкаси КХДР махсус кучлари Россияга топширилганини исботловчи бир нечта сунъий йўлдош тасвирлари ва фотосуратларини эълон қилган.
Жанубий Корея ва АҚШ расмийлари аввалроқ Шимолий Корея Россияга баллистик ракеталар ва бошқа ўқ-дорилар етказиб бераётганини маълум қилганди.
Москва ва Пхеньян мазкур хабарларни рад этган. Кремль, шунингдек, Жанубий Кореянинг КХДР Россияга Украина билан урушида ёрдам бериш учун қўшин юборгани ҳақидаги даъволарини ҳам рад этган.