Мутахассис: Қишнинг совуқ ҳарорати баъзи беморларда аллергик реакцияларни юзага келтириши мумкин
Юртимизда қишнинг дастлабки ойи совуқ кунлар билан бошланди. Келгуси ҳафтадан ҳарорат янада пасайиши кутилмоқда. Бундай об-ҳаво шароити баъзи инсонларда аллергик реакцияларни пайдо қилиши мумкин.
➡️ Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова ушбу патология ҳақида маълумот берди.
💬 — Совуққа аллергия кўпроқ аёллар ва болаларда кузатилади, — дейди мутахассис. — У, биринчи навбатда, иммунитет тизими заифлашиши оқибатида юзага келади. Аллергиянинг бу турига мойил кишилар совуқ билан юзлашганда, организм ноёб патологик оқсил — криоглобулин ишлаб чиқара бошлайди.
🩺 Бу модда иммунитет ҳужайралари томонидан бегона унсур сифатида қабул қилиниб, ҳужумга учрайди. Мазкур жараёнда фаол ишлаб чиқариладиган гистамин моддаси эса аллергик реакцияга сабаб бўлади.
✅ Касаллик турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлади. Эшакеми, ринит, конъюнктивит, дерматит, астма шулар жумласидан. Ҳатто айрим беморларда Квинке шиши ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Улар орасида энг кенг тарқалгани эшакеми бўлиб, танада пуфакчалар пайдо бўлиши билан кечади.
⏰ Совуққа аллергия белгилари изғирин ҳарорат таъсиридан 3-5 дақиқа ўтиб пайдо бўлади ва симптомлар 1-2 соатдан бир неча кунгача кузтилиши мумкин.
🟢 Касалликнинг ўткир ва сурункали шаклида қўл, юз, ёноқ ва оёқларларда кучли қичишиш юзага келиб, сўнг терида қизил доғ ва пуфакчалар юзага келади.
➡️ Баъзида титроқ, умумий ҳолсизлик, юрак уриши тезлашиши ва бўғимларда оғриқ кузатилади. Нафас қисиши, тахикардия, қон босими пасайиши, кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи безовта қилиши мумкин.
🔬 Ўткир респиратор вирусли касалликка чалинган, аллергияга наслий мойиллиги бор, ошқозон-ичак йўллари ва жигар хасталикларидан азият чекаётган беморларда совуқ ҳарорат таъсирига кўпроқ сезгирлик пайдо бўлади.
‼️ Ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказимизда ушбу касаллик энг илғор диагностика воситалари ёрдамида аниқланиб, беморлар замонавий муолажа усуллари ёрдамида муолажа қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.