Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси: Италия Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи энг йирик савдо ҳамкори

Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси: Италия Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи энг йирик савдо ҳамкори

29-май куни Рим шаҳрида “Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Италия халқаро ташкилотлар жамияти томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Италия ТИВ, турли давлат идоралари, етакчи компаниялари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Италиянинг Тошкентдаги элчиси Aгостино Пинна тадбирда сўзга чиқиб, 2017 йилдан Ўзбекистонда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Эксперт янги конституциявий ислоҳот бозор иқтисодиёти учун янада мустаҳкам пойдевор яратиб, тадбиркорлик фаолиятининг асосий эркинликлари ва кафолатлари мустаҳкамланаётгани, хусусий мулк ҳимояси кучайтирилаётганини алоҳида қайд этди.

Элчининг сўзларига кўра, “Италия-Ўзбекистон муносабатлари айнан шундай жадал ва изчил ривожланаётган парадигмада гуллаб-яшнамоқда. Шундай қилиб, 2022 йил якунига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 32 фоизга ўсиб, 535,4 миллион еврога етди ва бу Италияни Ўзбекистоннинг Европадаги учинчи йирик савдо ҳамкорига айлантирди”.

Италия бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ўзаро характерга эга бўлиб, давомли ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Кейинги йилларда республикада Италия капитали иштирокида кончилик, металлургия, нефть-кимё ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби янги соҳаларни қамраб олган корхоналар сони икки баробарга ошди. Натижада, сўнгги тўрт йил ичида ўзлаштирилган Италия инвестициялари ҳажми етти баравар кўпайиб, 7,1 миллион доллардан 49,6 миллион долларга етди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Римда расмий ташриф билан бўлиб турибди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!