Ил-76 Patriot ракетаси билан уриб туширилган – NYT

Ил-76 Patriot ракетаси билан уриб туширилган – NYT

The New York Times (НЙТ) америкалик расмийларга таяниб, 24 январь куни Белгород вилоятида ҳалокатга учраган Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти Patriot зенит-ракета мажмуасидан отилган ракета билан уриб туширилганини даъво қилмоқда.

8 февраль куни эълон қилинган материалга кўра, тутувчи ракета европалик ҳамкор томонидан Украинага етказиб берилган.

Журналистларнинг сўзларига кўра, улар билан анонимлик шарти билан шахсий суҳбатлашган амалдорлар Patriot ракетасидан фойдаланилганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқат эканлигини айтган.

Шу билан бирга, бортда украиналик ҳарбий асирлар борми, деган савол ҳамон ноаниқлигича қолмоқда, дея қайд этади нашр. Россия расмийлари ҳалокатдан кейин самолётда 65 нафар украиналик асирларни алмашиш учун олиб кетаётганини даъво қилган. Шу билан бирга, Америка ва Украина расмийлари Россия Федерацияси ўлим сонини бўрттириб кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

«Самолёт аввалроқ ракеталарни ташишда фойдаланилган ва бу Киев учун муҳим нишонга айланган. Январь ойида украиналиклар Ил-76 га ракета ўрнатилган деб ишониб, унга пистирма уюштиришди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, 13 май куни Украина томони Россия Федерацияси билан чегарага яқин ҳудудга Patriot ракетасини олиб келган ва Россиянинг бешта самолётини уриб туширган. Кейин Украина яширинча Patriot тизимини жанубга жойлаштирган ва у ерда Қора денгиз узра Россиянинг Су-35 қирувчи самолётини уриб туширишда фойдаланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!