Икки ёшгача бола пули қандай ҳолларда рад қилинади?

Икки ёшгача бола пули қандай ҳолларда рад қилинади?

- Ҳеч қаерда ишламайман, оиламизда икки ёшга етмаган фарзандим бор. Шу боис, икки ёшгача бола парвариши учун ариза топширгандим, нафақа тайинланиши рад этилди. Сабаби нима?

С.РАШИДОВА,

Тойлоқ тумани

- Меҳнатга оиланинг лаёқатли аъзоси бўлса-ю, оиланинг расмий даромад манбаи бўлмаса ва охирги олти ой мобайнида меҳнат органларига мурожаат қилмаган бўлса, икки ёшгача нафақа рад этилади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш «Ягона реестр» автоматлаштирилган тизим томонидан амалга оширилади ва нафақаларнинг тайинланиши тўғрисида қарор қабул қилинишида Пенсия жамғармаси ходимлари  (инсон омилининг) қатнашмайди.

Умуман, амалдаги тартибга асосан қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, тегишли ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчининг доимий ёки вақтинчалик пропискаси йўқлиги;

б) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромаднинг ушбу вақтинчалик низомнинг 7-бандида белгиланган мезонлардан кўплиги;

в) идоралараро электрон ахборот тизими орқали кадастр ахборот тизимида ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулк мавжудлиги;

г) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида:

- ишлаб чиқарилган муддати 10 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжудлиги;

- жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжудлиги;

д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида меҳнат органларига мурожаат қилмаган ва ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги.

Ушбу бандда кўрсатилган мезонлар асосида тегишли нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига «Ягона реестр» АТ орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда электрон билдиришнома (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-маълумот орқали мобил телефон рақамига) юборилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!