Ижарага берилган автотранспортда жиноят содир қилинган бўлса, автомашина эгасига қайтариладими?

Ижарага берилган автотранспортда жиноят содир қилинган  бўлса, автомашина эгасига қайтариладими?

Савол: Акам ўзига тегишли Спарк русумли автомашинасини 1 йил муддатга ижарага берган эди. Орадан 5 ой ўтиб, ижара ҳақини тўлашга моддий шароити етишмаётгани важи билан ижара шартномасини ўзаро бекор қилиб, автомашинани акамга топшириб кетди. Акамни ихтиёрига кўра мен шу машинани мина бошладим. Орадан 2 ой ўтиб ЙҲХХ ходимлари мени тўхтатиб, 3 ой аввал шу машинадан фойдаланиб ўғрилик жинояти содир қилинганини ва тергов жараёни кетаётгани, шу сабабли автомашинани жарима майдончасига олиб киришларини айтишди. Воқеани эшитган бир танишимни 7 йил аввалги (2016 йил) мисолни келтириб айтишича автомашина жиноят қуроли сифатида мусодара қилиниши ҳам мумкин экан. Ахир ўзим жиноят содир этмаганман-ку, қолаверса автомашинани қонуний тартибда ижарага берганмиз. Қандай қилиб мусодара бўлиши мумкин.

Исми ва манзили сир тутилди

Саволга Олий суд бош консультанти Акром Арипов жавоб берди:

Саволнинг мазмуни юзасидан айтиш мумкин-ки, содир этилган жиноятга Сизнинг дахлингиз бўлмаса ва акангизга тегишли спарк автомашинаси ижара шартномаси асосида топширилиб, кейинчалик тарафларнинг розилиги асосида бекор қилинган бўлса, мазкур ҳолатлар тергов ва суд жараёнида исботлангач автомашина мусодара қилинмайди ҳамда қонуний эгасига қайтариб берилади. Чунки, 2017 йил 17 октябрь кунидан бошлаб, жиноят содир этишда иштирок этмаган шахсларнинг мол-мулкини мусодара қилишни тақиқлаш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритилган. Унга кўра, жиноят-процессуал кодексининг 211-моддаси 1-қисмига асосан гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига қайтариб берилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!