Ижара ҳақи 1 миллион долларлик вилла: Telegram асосчиси Павел Дуров қаерда яшайди?

Ижара ҳақи 1 миллион долларлик вилла: Telegram асосчиси Павел Дуров қаерда яшайди?

Россиялик миллиардер, “ВКонтакте” ва Telegram ижтимоий тармоқлари асосчиси Павел Дуров америкалик журналист Такер Карлсонга интервью берди. Суҳбатда бизнесмен ҳашаматли саройлари, самолёт ёки яхталари йўқлигини, кўчмас мулк сотиб олишни истамаслигини айтди. Хўш, ундай бўлса тадбиркор қаерда яшайди?

“Бир неча йиллардан бери банкдаги ҳисобварағимда ва биткоинларда миллионлаб доллар пулларим ишлатилмай турибди. Бу маблағга кўчмас мулк ва бошқа йирик харидлар қилишни истамайман. Чунки бирор уй сотиб олсам, унга боғланиб қоламан. Хонадонни чиройли безаш, уни турли мебеллар билан тўлдириш кабилар кўп вақтни олиб қўяди, шу сабабли бундай ишлар мен учун ёт. Ҳаётимда энг муҳим нарса эркин бўлиш, ҳеч нарсага ва маконга қарам бўлмасликдир”, — деди Дуров.

Миллиардер фикрига кўра, моддий бойликлар уларга қарамликни келтириб чиқаради ва шу сабабли Павел Дуров кўчмас мулк сотиб олмайди.

Forbes нашри хабар қилишича, 2017 йилдан бери Дуров Дубайда истиқомат қилиб келмоқда. 2023 йилда у Жумейра оролларидаги ҳашаматли виллага кўчиб ўтган. Хонадон ижараси йилига 1 миллион долларни ташкил этади.

Маълумот учун: Forbes манбаларига кўра, 2021 йилнинг февралида Дуров БАА фуқаролигини олган. Тадбиркор 2017 йилдан буён Дубайда истиқомат қилади, у ердаги Dubai Media City эркин иқтисодий зонасида Telegram’нинг бош офиси очилган.

Жумейрaда ороллари турар жой комплекси 16 та вилладан иборат бўлиб, 46 та сунъий ороллар устида жойлашган. Ҳар бир уйнинг майдони ўрта ҳисобда 473 дан 669 квадрат метргача боради. Жумейра оролларида Павел Дуров танлаган вилла 5 та хонадан иборат бўлиб, сув ҳавзаси ва 1400 квадрат метр кенгликда кўркам боғга эга.

Жумейрда ороллари турар жой комплекси расмий сайтида ёзилишича, бу ерда кичик уйлар мавжуд эмас, шунинг учун мазкур виллаларга бадавлат инсонлар ва кўп фарзандли оилалар дам олиш учун келади.

Уйлар шовқинли шаҳар ва магистрал йўллардан узоқда жойлашган бўлиб, ривожланган замонавий инфраструктурага эга. Кўчаларда премиум ресторанлар, спорт заллари, гўзаллик салонлари ва турли дўконлар аҳолига хизмат кўрсатади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!