ИИББ: "Тошкентда ўсмирлар орасида пайдо бўлган “Воровская жизнь” ҳақидаги хабар тасдиғини топмади"

ИИББ: "Тошкентда ўсмирлар орасида пайдо бўлган “Воровская жизнь” ҳақидаги хабар тасдиғини топмади"

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Тошкентда ўсмирлар ўртасида 1970 – 1980-йилларда СССР ҳудудида пайдо бўлган “Воровская жизнь” ўйини ҳаракатини эслатувчи суратларнинг тарқалиши бўйича суриштирув ишлари олиб борди.

Ижтимоий тармоқ ва интернет нашрларида бу ўйин Тошкент шаҳридаги мактабларнинг юқори синф ўқувчилари – ўсмирлар орасида шиддат билан оммалашаётгани, айни кунларда “Чиланзарские” ва “Юнусабадские” йирик тўдалари шакллангани айтилган эди.

ИИББ ходимлари ижтимоий тармоқларда “Воровская жизнь” деб номланган сурат жойлаган ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат олиб борган. Суҳбат давомида юқори синф ўқувчилари ўзларининг хатти-ҳаракатларини жиноят олами ҳақидаги филмларни томоша қилиш орқали юзага келган қизиқиш ва ўсмирликда бўладиган ўзбошимчалик, шўхлик деб изоҳлаган. Улар чизилган сурат ҳатто қандай маъно англатишини ҳам билмаган. Чилонзор ва Олмазор туманларидаги “безори тўда” аъзолари эса бир-бирини танимаслиги маълум бўлган.

Ўсмирларнинг ота-оналари билан олиб борилган суҳбатда улар фарзандлари қандай филмлар томоша қилиб, нималар билан машғул бўлаётганидан бехабар қолиб хато қилганликларини тан олган. Аммо фарзандларининг хулқ-атворида гуруҳбозликка хос жиҳатлар йўқлигини айтишган.

Ҳозир ИИББ томонидан тармоқларда ўз тенгдоши билан жанжал (“разбор”) уюштирган қизларнинг видеоси ва уларнинг шахсини аниқлаш бўйича суриштирув олиб борилмоқда. Тахмин қилинишича, ушбу видео Ўзбекистонда эмас, бошқа давлатда тасвирга олинган.

Маълумот учун: аввалроқ "Facebook" ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири Учтепа тумани Ширин кўчаси 7-уй йўлакларидан бирида гуруҳ рамзи ифодаланган сурат қолдирилгани ҳақида хабар берган ва ИИББ бу бўйича суриштирув-текширув ишлари олиб боришини маълум қилган эди.

Manba: turon24


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!