Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади
Бош прокуратура академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилади . Академия Бош прокуратура ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга, ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Академияда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида олий таълимнинг икки босқичли тизими – бакалавриат ва магистратура бўйича тўлақонли ўқув жараёни ташкил этилади.
Академиянинг тергов фаолияти йўналишидаги ҳар йилги қабул квоталари бакалавриат дастури бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура дастури бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларидан иборат бўлади.
Академияда таълим олиш муддати бакалавриат дастури бўйича – уч йил, тергов фаолияти йўналишидаги магистратура дастури бўйича – бир йил.