Ҳиндистонлик миллиардер АҚШда фирибгарлик ва порахўрликда айбланди
Нью-Йоркда округ прокурори ҳиндистонлик миллиардер Гаутам Аданини ҳинд расмийларига миллионлаб доллар пора берганликда расман айблади, деб хабар беради ВВС.
Reuters агентлигининг суд ҳужжатларига таяниб хабар беришича, судья Гаутам Адани ва унинг жияни Сагар Аданини ҳибсга олишга ордер берган ва прокурорлар уларни АҚШдан ташқарида ҳибсга олмоқчи.
Америка прокуратураси бу ишни Америка суди кўриб чиқиши керак, деб ҳисоблайди, чунки терговга кўра, Гаутам Адани ва унинг ходимлари қулай шартнома олиш учун ўзининг яшил энергия компаниясидан Ҳиндистон расмийларига 250 миллион доллар пора берган ва мазкур компания америкалик инвесторлардан уч миллиард доллар сармоя киритган.
Компания 20 йил ичида икки миллиард долларгача даромад олишга ваъда берган.
АҚШнинг Нью-Йорк шарқий округи бўйича прокурори Брион Писнинг сўзларига кўра, Адани ва унинг ходимлари америкалик инвесторларни коррупцияга алоқадор эмаслиги ҳақида алдаган. Уларга қўйилган фирибгарлик айбининг моҳияти шундан иборат.
"Айбланувчилар Ҳиндистон ҳукумати амалдорларига пора бериш ва миллиардлаб долларлик шартномалар олиш учун пухта режа тузган [...] ва ушбу схемадан фойдаланган ҳолда америкалик ва хорижий инвесторлардан капитал йиғиш учун ёлғон гапирган", – деди прокурор Пис айблов хулосасини эълон қилар экан.
62 ёшли Гаутам Аданининг бойлиги тахминан 70 миллиард долларга баҳоланмоқда. Аданининг Бош вазир Нарендра Моди ва унинг ҳукумати билан яқин алоқалари бор ва мухолифат уларни бу алоқалар туфайли Адани компаниялари учун кўплаб фойдали шартномалар олишда айблайди.
Adani Group ҳозирча бу айбловларга изоҳ бермади.
Концерннинг АҚШдаги муаммолари 2023 йил январида Hindenburg Research таҳлилчи компанияси уни қимматли қоғозларни чиқариш вақтида фирибгарликда айблаганидан сўнг бошланган.
Прокуратура концерн фаолиятини 2022 йилда текширишни бошлаганига ишонтирмоқда.
АҚШда округ прокурорлари президент томонидан тайинланади, Бош прокурор Брион Пис эса 2021 йилда президент Жо Байден томонидан тайинланган.
Гаутам Адани ижтимоий тармоқлар орқали Дональд Трампни сайлангани билан табриклади ва АҚШга 10 миллиард доллар сармоя киритишга ваъда берди.