Гувоҳнома берилади: Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини олиш тартиби эълон қилинди

Гувоҳнома берилади: Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини олиш тартиби эълон қилинди

Ўзбекистонда 2023 йил 1 июлдан жамоатчилик экология назоратчиси тизими жорий қилиниши ҳақида хабар берилган эди. Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди.

Низомда жамоатчилик экология назоратчилари мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар фоалиятининг асосий йўналишлари, жамоатчилик экология назоратчилигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш ҳамда улар мақомини тугатиш тартиби акс этган.

“Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарорига кўра, 2024 йил, 1 июнга қадар жамоатчилик экология назоратчилигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказишни мустақил таълим шаклида амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Номзодлар махсус тайёргарликдан ўтиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экологоия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вазирликнинг ҳудудий органларига ариза билан мурожаат қилади. Аризалар 10 иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилиб, номзодлар рўйхати вазирлик ҳузурида ташкил этилган комиссияга тақдим этилади. Комиссия таркиби вазирлик ва Экологик партия вакиллари ҳамда экология соҳасидаги олимлардан шакллантирилади.

Комиссия номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 3 иш кунида кўриб чиқиб, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ва вазирлик сайтда эълон қилади. Сўнг рўйхатни Марказий Осиё Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига уларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун юборади.

Номзодлар вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида 72 соатлик бепул махсус тайёргарликдан ўтади. Ўқув жараёни масофавий таълим тарзида амалга оширилиши ҳам мумкин.

Махсус тайёргарликдан сўнг номзодлар якка тартибда суҳбат кўринишида якуний имтиҳондан ўтказилади. Унда 5 та савол берилиб, жавоблар 5 баллик тизимда баҳоланади. Саволларнинг 3 тасига жавоб бера олмаганлар имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади.

Якуний имтиҳон натижалари бўйича номзодларга вазирликнинг тегишли ҳудудий органлари томонидан сертификат ва вазирнинг электрон рақамли имзоси (QR код) билан тасдиқланган экология назоратчиси гувоҳномаси берилади.

Номзод гувоҳнома берилган кундан экология назоратчиси мақомига эга бўлади ва ўз фаолиятини ваколатли органлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!