Гулистонда “Гулистон” тиббиёт кластерини ишга тушириш, уни бизнес режасини якунига етказиш мавзусида семинар ташкил этилди

Гулистонда “Гулистон” тиббиёт кластерини ишга тушириш, уни бизнес режасини якунига етказиш мавзусида семинар ташкил этилди

Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ тажриба-синов ишлари Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларда йўлга қўйилди ва аҳолига кафолатланган пакет асосида тиббий хизмат кўрсатиш ишлари бошлаб юборилди.

Бундан ташқари беморларга юқори малакали тиббий хизмат турларини кўрсатиш, хизмат сифатни ошириш мақсадида Гулистонда "Гулистон" тиббиёт кластерини ташкил этиш, уни ишга тушириш ишлари якунига етиб қолди.

Ушбу иш ҳам ниҳоясига етказилгач вилоятдаги 6 та тиббиёт муассаса, яъни вилоят кўз касалликлари шифохонаси, вилоят эндокринология диспансери, уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали ҳамда вилоят диагностика маркази “Гулистон” тиббиёт кластери таркибига ўтказилади ва улар бир жойда, ягона бошқарув асосида фаолиятини бошлайди.

Шу мақсадда жорий йилнинг 25-26 октябрь саналарида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказ Сирдарё вилоят филиалида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Давлат тиббий суғурта жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Гулистонда “Гулистон” тиббиёт кластерини ишга тушириш, уни бизнес режасини якунига етказиш, бизнес режани амалга ошириш бўйича ресурсларни сафарбар этиш йўлларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Ўтказилган семинарда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг консультантлари Александр Лоуренцо, Мафатен Шаоуали, Марк Хэллоуэлл, Кристофер Хитцпатрик, Елена Цой, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижрочи директори биринчи ўринбосари Зоҳид Эрматов, бўлим бошлиғи Дилноза Нажмутдинова, Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев, бошқарманинг масъул ходимлари ҳамда "Гулистон" тиббий кластери таркибига кирувчи тиббиёт муассасалари бош врачлари ва бош ҳисобчилари қатнашди.

Улар икки кун мобайнида Гулистонда "Гулистон" тиббиёт кластерини ишга тушириш ва тиббий кластер бизнес режасини якунига етказиш бўйича фикр алмашишди, ҳамда давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий тадбиркорга берилиши режалаштирилган Гулистон шаҳридаги 1-оилавий поликлиниканинг бизнес режасини муҳокама этди.

Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!