Экологик таълим боғчалардан бошланмоқда
Наманганда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Республика “Ёш экологлар” ҳаракати Кенгаши, вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят “Ёш экологлар” ҳаракати Кенгаши томонидан “Жажжи экологлар” лойиҳасига старт берилди.
Лойиҳа доирасида Янги Наманган туманидаги бир қанча мактабгача таълим муассасаларида болажонлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 61-, 73- ҳамда 17-сонли МТМларда болажонлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбирлар давомида табиатни асраш, атроф-муҳитга меҳр билан муносабатда бўлиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, экологик маданиятни шакллантириш бўйича тушунчалар берилди. Айниқса, қушларга ғамхўрлик қилиш, уларни асрашнинг аҳамияти ҳақида қизиқарли суҳбат олиб борилди. Шунингдек, кичкинтойлар ўз қўллари билан қушларни озиқлантириб, табиатга меҳр ва эътибор кўрсатишнинг амалий кўринишини намоён этдилар.
Бундан ташқари, болажонлар билан савол-жавоблар ўтказилиб, уларнинг экологияга оид билим ва тасаввурлари янада мустаҳкамланди. Якунда лойиҳада фаол иштирок этган тарбияланувчиларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Маълумот учун, “Жажжи экологлар” лойиҳаси келгусида ҳудуддаги бошқа мактабгача таълим ташкилотларида ҳам босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган. Мақсад ёш авлодда экологик маданиятни шакллантириш, табиатга меҳр ва масъулият ҳиссини ошириш, атроф-муҳитни асраш кўникмаларини ривожлантиришдир.
Бу каби лойиҳалар ёш авлодни экологик жиҳатдан саводли, табиатга бефарқ бўлмаган шахс сифатида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
