Германияда 50 йил олдин қотиллик содир этган офицерга ҳукм ўқилди
1974 йилда ГДРни чегара пункти орқали тарк этмоқчи бўлган поляк Чеслав Кукушканинг орқасидан ўқ узиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган «Штази» (Германия давлат хавфсизлиги вазирлиги) ходими 10 йилга муддатга озодликдан маҳрум этилди. Лейпцигда яшовчи 80 ёшли эркакка ҳукмни Берлин суди чиқарди.
Қайд этилишича, Берлин прокуратураси айбланувчи учун 12 йил қамоқ жазосини сўраган. Прокурор Ҳенрике Ҳиллманга кўра, 1974 йил 29 март куни ўша вақтда оберлейтенант унвонида бўлган эркак 2-3 метр узоқликдаги пистирмадан 38 ёшли Чеслав Кукушкага ўқ узган.
Айбланувчи ўзига қўйилган жиноят юзасидан кўрсатма бермаган. Унинг ҳимоясига кўра, эркакнинг қотилликка алоқадорлигини аниқ исботлаб бўлмайди. Суд жараёни аввалида адвокат Андреа Либшер ўз ҳимояси остидаги эркак айбини тан олмаслигини маълум қилганди.
Тергов маълумотларига кўра, Саксонияда яшаган эркак «Штази» тезкор гуруҳида хизмат қилган ва полякни «зарарсизлантириш» топшириғи остида иш кўрган. Немис ОАВнинг ёзишича, Кукушка Полша элчихонасига бомба муляжи ёрдамида бостириб кириб, Ғарбий Берлинга ўтиб кетишга уринган.
Таъкидланишича, махсус хизмат ходимлари эркакка сохта ҳужжатлар бериб, уни тузоққа туширган. Яъни улар фуқарони Фридрихштрассдаги назорат-ўтказиш пунктига кузатиб қўйган, аммо у чегарадаги охирги назоратдан ўтаётганида ўқ овози янграган.
Ғарбий Германиядаги Гессен федерал ерларининг ўқувчилари ўша вақтда айблов томонида гувоҳлик берган. Улар Шарқий Берлинга экскурсияга келганларида қотиллик содир этилган. Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, қизлар узун палто ва қора кўзойнакдаги эркак кутилмаганда Чеслав Кукушканинг ортида пайдо бўлиб қолиб, унга ўқ узган. Кейинроқ Гессендаги мактаб ўқитувчилари болалар гувоҳи бўлган воқеа ҳақида полицияга маълумот берган. Аммо ГДР Адлия вазирлигига йўлланган сўровлар натижа бермаган.
Эҳтимолий қотилнинг кимлигини кўрсатган далил 2016 йилда пайдо бўлган. ГРД Давлат хавфсизлиги вазирлигининг раҳбари Эрих Милке томонидан имзоланган буйруқда «Штази»нинг 12 ходими исми келтирилган бўлиб, улар юқоридаги қотиллик сабаб мукофотланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, айбланувчи «Бронзадан ясалган жанговар орден» билан тақдирланган.
Аввалига Германия прокуратураси қасддан тасодифий қотиллик ҳақида гап кетяпти деб ҳисоблаган ва ишни 2017 йилда тўхтатган. Аммо бугунги кунда прокуратура ишда «қасддан қотиллик» аломатлари борлиги сабаб уни қайта кўриб чиқишга эришган. Янги баҳолаш учун айбланувчини ҳибсга олиш тўғрисидаги Европа ордерига Полша томонининг доимий текширувларидан сўнг чиқарилган ордер асос бўлиб хизмат қилган.