Россия армияси жадаллик билан олдинга кетмоқда
Украина Қуролли кучлари бош штаби 13 декабрь куни кечки ҳисоботида Донетск вилоятининг жануби-ғарбий қисмидаги Покровск ва Времивка йўналишларида «кескин вазият» ҳақида маълум қилди. Айнан шу ҳудудда рус қўшинлари ўзларининг асосий ҳужум кучларини жамлаётгани таъкидланди. Шунингдек, Курахове ва Лиман йўналишларида ҳам ҳужум ҳаракатлари давом этаётгани айтилди.
Ҳисоботда жанглар бўлаётган аҳоли пунктлари санаб ўтилган. Улар орасида сўнгги кунларда Россия ва Украина манбаларининг хабарларига кўра, Украина ҳарбийлари қуршов хавфи остида қолган Курахове шаҳридан жанубдаги бир қатор қишлоқлар ҳам бор. Фронтдаги ўзгаришларни кузатиб борувчи ДеэпСтате таҳлилий лойиҳаси шанбага ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Веселий Гай, Елизаветивка ва Романивкани эгаллаганини, шунингдек, Успенивкада жанглар давом этаётганини маълум қилди.
Илгари Россия ҳарбий блогерлари ушбу аҳоли пунктлари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Агар бу маълумот тасдиқланса, бу Украина ҳарбийлари қуршовдан қутулишга эришганини, аммо Кураховенинг жанубидаги ҳудудни бой берганини англатади.
Курахово ва Покровск ҳудудида россиялик ҳарбийлар Донетск вилоятининг маъмурий чегарасига етиб боришига 10-15 километр қолди.
Россия ҳарбийлари сўнгги ойларда Украина ҳудудларини босиб олиш суръатини оширди - мавжуд маълумотларга кўра, кунига ўртача 10 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд уларнинг назоратига ўтади. Шу билан бирга, ҳали ҳам фронтнинг ёриб ўтиши содир бўлмаяпти, деярли ҳар бир аҳоли пункти учун жанглар кетмоқда ва фронт чизиғининг катта қисми ойлар давомида деярли ўзгармаган.