Гектарига 200 тоннагача ҳосил берадиган помидор нави яратилди
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, сув танқислиги, турли экологик муаммолар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни тақозо этаётир.
Шу боис юртимиз олимлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ҳосилдор, чидамли ҳамда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари навларини яратиш ва кўпайтириш устида мунтазам иш олиб бормоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизматининг ЎзАга тақдим этган маълумотларига кўра, вазирлик ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд илмий-тажриба станцияси олимлари томонидан помидорнинг маҳаллий “Мустақиллик- 28” янги нави яратилди.
Янги навнинг афзаллиги шундаки, у бошқа навларга нисбатан чидамли, экспортбоп ҳамда ҳосилдор ҳисобланади. Қолаверса, жаҳонда помидорнинг саноатбоп навларини яратишда олимлар томонидан олиб борилган изланишларда таркибининг ширинлиги даражаси бўйича энг юқори кўрсаткич 8 фоизни ташкил этаётган бўлса, мазкур янги навнинг ширинлилик даражаси 7 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич юртимизда етиштирилаётган энг ширин помидорлар ичида рекорд кўрчаткич, дея баҳоланмоқда.
Янги помидор нави ҳақида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд илмий-тажриба станцияси раҳбари Алишер Исмоилов қуйидагиларни таъкидлайди:
— Юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга, айниқса, соҳани илмий жиҳатдан ўрганиш, янги уруғ ва навларни яратишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Институтимизнинг 80 гектар ер майдонида олимларимиз янги навларни яратиш бўйича изланишлар олиб бормоқда. Бугунги кунда улар томонидан полиз экинлари ва картошкачилик бўйича 30дан ортиқ янги навлар яратилиб, синовдан ўтказилмоқда.
Жумладан, “Мустақиллик-28” навли помидоримиз юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Бир гектар майдонда экилган оддий навли помидордан ўртача 40-50 тонна ҳосил олинса, маҳаллий “Мустақиллик-28” янги навидан 150-200 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Бир туп оддий помидор 15-20 дона ҳосил берса, янги нав 50 донагача ҳосил беради. Қолаверса, ушбу помидор ҳажми, терисининг керакли миқдорда қалинлиги, сувлилиги ва ўта ширинлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, ушбу нав бир бор экилганда тўлиқ пишиб етилади ва 90 фоиз маҳсулот биринчи ва қолган 10 фоиз маҳсулот иккинчи теримда йиғиб олинади.
Умуман, бугунги кунда институтимиз олимлари жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб боришга, иқлим шароитларига мос, серҳосил янги навларни яратишга астойдил ёндашмоқда.
