Ғазоликлар қайтди, лекин улар қандай яшаяпти, уларнинг аҳволи қандай?

Ғазода минглаб одамлар совуқ, бўронли об-ҳавода чодирларда яшашга мажбур бўлмоқда. Кучли шамол ва ёмғир Ғазо секторини қамраб олганида, кўчирилган фаластинликлар вақтинчалик чодир шаҳарчаларда азоб чекмоқда.
Кучли шамоллар, ёмғир ва қиш Ғазодаги минглаб фаластинликларнинг азоб-уқубатларини янада кучайтирмоқда. Исроилнинг қирғоқ ҳудудига ҳужуми натижасида уйлари вайрон бўлган минглаб оилалар эски чодирларда яшашга мажбур бўлмоқда.
Ўтган ойда тинчлик келишуви кучга кирганидан сўнг юз минглаб фаластинликлар Ғазонинг шимолий қисмига қайтиб келди. Бу Исроилнинг ҳудудга қарши 15 ойлик ҳужумини тўхтатди. Бироқ, кўпчилик одамлар уйларига қайтиб келганда, уларнинг бутунлай вайрон бўлгани ёки жиддий шикастланганини кўришди.
Шундан бери оилалар қамал қилинган ҳудуд бўйлаб вайроналар ва харобалар орасида бошпана топишга қийналишмоқда.
Ғазо шаҳри муниципалитети вакили Al Jazeera телеканалига бўрон пайтида кўчирилган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун шаҳарда етарли маблағ йўқлигини, оқова ва ёмғир сувлари юзлаб чодир ва бошпаналарга кириб қолганини маълум қилди.
Маҳмуд Риёд Халил ал-Фаёуми Ғазо шаҳридаги мактаб ҳовлисида жойлашган вақтинчалик қўналгадан Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида яна учта оила билан бирга чодирда яшаётганини айтди.
"Кўрпалар жуда нам," - деди ал-Фаёуми, оғир об-ҳаво шароити туфайли икки ойлик чақалоғи ва орқа мияси шикастланган укасини бошқалар билан қолдиришга мажбур бўлганини тушунтириб.
"Нима қилишимизни билмаймиз. Қаерга боришимизни ҳам билмаймиз. Бу ерда бизнинг аҳволимиз ана шундай".
Ғазо шаҳридан хабар берган "Al Jazeera" телеканали мухбири Ҳани Маҳмуднинг айтишича, кучли ёмғир ва шамол кўплаб фаластинликларни шаҳарнинг ғарбий қисмидаги вақтинчалик қўналгани тарк этишга мажбур қилган.
Иссиқ кийим-кечак каби асосий эҳтиёж моллари ҳам етарли эмас, бу эса вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
"Ҳозир бу ердаги одамлар нафақат бошпанага, балки уларга бироз иссиқлик берадиган ва бу даҳшатли об-ҳаво шароитларидан ҳимоя қиладиган энг зарур нарсаларга ҳам муҳтож," - деди Маҳмуд.
БМТ Гуманитар масалалар бўйича бошқармасининг (ОЧА) чоршанба кунги сўнгги маълумотига кўра, Ғазо ва Шимолий Ғазо вилоятларига 500 мингдан ортиқ аҳоли қайтаётгани сабабли, "бу ҳудудларда озиқ-овқат, сув, чодир ва бошпана материалларига бўлган эҳтиёж ҳамон жуда долзарб бўлиб қолмоқда".
19 январдан бери ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилгач, гуманитар ёрдам етказиб бериш ҳажми ошган бўлса-да, бошпана билан таъминлаш ёрдами чекланган даражада қолмоқда.
Ҳафта бошида Ғазо ҳукуматининг Матбуот хизмати Исроилни ҳудудга ёрдам ва бошпаналар етказилишини чеклашда айблади.
"Бошпаналар билан таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган шошилинч гуманитар эҳтиёжга айланди. Бу айни пайтда энг муҳим масаладир," - дейилади уларнинг ҳафта бошидаги баёнотида.