Fitch “Ўзбекгидроэнерго” АЖ рейтинг прогнозини “Ижобий”га оширди
Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг узоқ муддатли халқаро кредит рейтингини “BB” даражасида тасдиқлаб, рейтинг прогнозини “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирди.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги прогнози ижобий томонга қайта кўриб чиқилгани билан боғлиқ. Бу мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, фискал интизомни мустаҳкамлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш, давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар халқаро рейтинг агентликлари томонидан ижобий қабул қилинаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ рейтинг прогнозининг “Ижобий”га ўзгартирилиши суверен рейтинг прогнозигаги ижобий динамика билан бевосита боғлиқ бўлса-да, Fitch Ratings баҳолашида бундай қарор фақат ушбу омил билан чекланмайди. Давлат билан боғлиқ корхоналар рейтингини шакллантиришда суверен рейтингдаги ўзгаришлар билан бир қаторда, корхонанинг стратегик аҳамияти, давлат билан институционал алоқалари, молиявий интизоми, бошқарув сифати, операцион барқарорлиги, бизнес муҳитидаги мавқеи ҳамда ахборот шаффофлиги каби мезонлар ҳам инобатга олинади.
Мазкур мезонлар нуқтайи назаридан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг мамлакат энергетика тизимидаги муҳим ўрни, гидроэнергетика соҳасидаги стратегик вазифалари, барқарор ишлаб чиқариш фаолияти, молиявий мажбуриятларга масъулиятли ёндашуви, эҳтиёткорона молиявий сиёсати ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ишлари Жамиятнинг кредит барқарорлигини қўллаб-қувватловчи муҳим омиллар сифатида намоён бўлмоқда.
Сўнгги йилларда Жамият томонидан гидроэнергетика салоҳиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, молиявий ва операцион бошқарув жараёнларини такомиллаштириш ҳамда институционал барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жамият фаолиятида иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда, ижтимоий ва операцион аҳамиятга эга йўналишлар ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, энергия таъминоти барқарорлигини ошириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва ҳудудларнинг энергетик имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиш мақсадларига хизмат қилмоқда.
Fitch Ratings томонидан рейтинг прогнозининг “Ижобий”га ўзгартирилиши “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг халқаро инвесторлар, молия институтлари ва ҳамкор ташкилотлар олдидаги ишончлилигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, халқаро молия бозорларидаги иштирокни фаоллаштириш ҳамда стратегик ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим ижобий сигнал ҳисобланади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ келгусида ҳам мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, гидроэнергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, операцион самарадорликни ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда халқаро амалиётга мос бошқарув ёндашувларини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиради.
