Фарзандидан айрилган тошкентлик аёлнинг видеоси Соғлиқни сақлаш вазирлигини оёққа турғазди (ВИДЕО)
Фарзандидан айрилган тошкентлик аёлнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилгани акс этган видео тарқалди.
«Дори-дармонлар, жиҳозлар йўқ. Соғлиқни сақлаш тизими ёмон аҳволда», дейди Елена Царевская мурожаатида.
Маълум бўлишича, аёл янги туғилган чақалоғини асбоб-ускуналарнинг етишмаслиги, бефарқлик ва шифокорларнинг қобилиятсизлиги сабабли йўқотган. Расмий маълумотларга кўра, 25 кунлик чақалоқ ўпкаси очилмай қолгани сабабли вафот этган, аммо онасининг сўзларига кўра, бола соғ-саломат туғилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари аёлга чуқур ҳамдардлик билдиришди.
Бундай фожиали воқеа шошилинч текширувни талаб этаётганлиги сабабли, вазирнинг буйруғига биноан ишчи гуруҳ тузилди ва 2019 йил 2 декабрда ушбу фуқаро томонидан эслатиб ўтилган тиббий муассасада ички текширув бошланди. Ушбу текшириш бўлим бошлиғининг шахсий назорати остида амалга оширилади.
Шунингдек, айбдорлар аниқланиб, жазога тортилиши айтилмоқда.
