Европа Иттифоқи кириш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхатини кенгайтирди

Европа Иттифоқи кириш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхатини кенгайтирди

Европа Иттифоқи Кенгаши иттифоқ давлатларига коронавирус тарқалиши бўйича эпидемиологик вазият яхшиланганлиги сабабли ташқи чегараларни очиш тавсия этилаётган учинчи мамлакатлар рўйхатини кенгайтирди. Унга Япония қўшилди, дейилади Кенгаш баёнотида.

Россия ва АҚШ ҳали ушбу рўйхатга киритилмаган. Ҳозир ҳужжатда саккиз мамлакат бўлиб, уларга чегараларни очишда ўзаро келишув тасдиқланиши шарти билан Европа Иттифоқига киришга рухсат берилган. Булар Австралия, Исроил, Янги Зеландия, Руанда, Сингапур, Жанубий Корея, Таиланд ва Хитой.

"Европа Иттифоқи вақтинчалик саёҳат чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича тавсияларга мувофиқ баҳолагач, Японияни қўшиб, ушбу чекловлар олиб ташланиши керак бўлган мамлакатлар рўйхатини янгилади", дейилади Европа Иттифоқи Кенгаши баёнотида.

Ўтган йилнинг 30 июнида Европа Иттифоқи Кенгаши 1 июлдан бошлаб чегаралари очилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини тузиб, Европа Иттифоқига номажбурий бўлган саёҳат чекловларини босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича тавсия қабул қилди. Дастлаб унинг таркибига 15 та мамлакат кирган эди, аммо кейинчалик Европа ҳукумати тавсия этилган айрим мамлакатларда эпидемиологик вазият ёмонлашганини ҳисобга олган ҳолда рўйхатни сезиларли даражада қисқартирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!